ФАРЗАНД УЧУН ТАЪМИНОТ ФАҚАТГИНА 18 ЁШГАЧА ТЎЛАНАДИМИ?

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конститусиясида жамиятимизнинг асосий бўғинларидан бири ҳисобланувчи оила, болалар ва ёшлар тўғрисидаги асосий тамойиллар белгилаб берилган. Конститутсиямизнинг
77-моддасида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган.
Мамлакатимиз қонунчилигига мувофиқ ота-оналарнинг фарзандларига таъминот бериш мажбуриятига нисбатан “алимент” деб номланувчи махсус юридик атама қўлланилади. Оила кодексининг 96-моддасида белгиланишича, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Аксарият инсонлар фарзанд учун таъминот бериш дейилганида фарзанд вояга етгунига қадар тўланадиган алимент пулини кўз олдиларига келтирадилар. Миллий қонунчилигимизга кўра эса, ота-оналар нафақат фарзандлари вояга етгунига қадар балки вояга етган бўлса-да, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига ҳам таъминот беришга мажбур ҳисобланадилар. Бу ҳақидаги норма Оила кодексининг 97-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра ота-оналарнинг Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришдаги мажбуриятлари ҳам, вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришдаги мажбуриятлари ҳам тенгдир.
Мазкур нормадан кўринадики, ота-оналар фарзандлари меҳнатга лаёқатсиз ва ёрдамга муҳтож бўлган ҳолларда улар вояга етган бўлсалар ҳам таъминот беришга мажбур ҳисобланадилар.
Шунингдек, ота-оналар фарзандлари таъминоти учун зарур бўладиган фавқулодда қўшимча ҳаражатларда ҳам иштирок этишга мажбур ҳисобланадилар. Фарзанднинг тан жароҳати олиш, касаллик ҳолатларида ёки таълим олиши учун зарур бўладиган қўшимча ҳаражатларни шулар жумласига киритиш мумкин. Мазкур ҳолатлар ҳам Оила кодексида алоҳида норма билан тартибга солинган бўлиб, ушбу кодекснинг 103-моддасига кўра Ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.
Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Бундан кўринадики, ота-оналик нафақат кишига берилган олий бахт, балки фарзандга гўзал тарбия бериш, уни ҳар томонлама соғлом ва баркамол қилиб вояга етказишдек бурчларга эга бўлишни ҳам англатади.
ДИЛМУРОД ЖУМАЕВ,
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси