“Тил- миллат кўзгусидир”
Тил-муқаддас ва эъзозланган тушунча, ҳар бир инсон учун ўз онаси каби азиз ва мўътабар.
Инсон ўз она тили ёрдамида янги тушунчалар ва муносабатларни англай бошлайди. Она тили бизга она сути билан сингдирилади.
Дунёнинг барча давлатлари ўз она тилларини асраб-авайлашга интилишади, шунинг учун ҳар қандай давлат ўзининг маданий мероси ва она тилини алоҳида ҳурмат қилади.
Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз она тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим.
Шундагина тилнинг, миллатнинг қадри ва обрўйи, нуфузи ошади.
Юқори ривожланган давлатлар даражасига эришиш учун Ўзбекистон фуқаролари халқаро тилларни билишлари мумкин, лекин шуни унутмаслик керакки, ўзбек тили дунёдаги барча расмий тиллар қатори суверен тил мақомини олган экан. Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилини билиши шарт. Хеч ким ҳеч қачон ўз она тилига бўлган ҳурматни йўқотмаслиги керак. Тилга ҳурмат-бу халққа ҳурмат.
Ўзбек тилининг Ватанимизда давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни уч тамойилга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўйи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётганлиги бунинг яққол далилидир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва нуфузини ошириш борасида ҳар бир соҳада ниҳоятда муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, суд тизимида ҳам суд биноларининг пешлавҳалари, бинонинг ички ва ташқи ёзувлари тўлиқ лотин алифбосида бўлиши, ижтимоий тармоқдаги барча саҳифалар давлат тилидаги қонун ҳужжатларига амал қилиниши таъминланган.
Шу билан бир қаторда, суд тизимида суд ҳужжатлари матнини тайёрлашда тил тўғрисидаги қоидаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида Термиз Давлат университетида фаолият кўрсатаётган филологларни таклиф қилган ҳолда судьялар ҳамда суд ходимлари билан амалий машғулотлар ўтказилиши йўлга қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, тил-жамиятнинг асосий таянчи, инсоний мулоқот-муносабатларнинг бирламчи воситасидир.
Шундай экан, тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақомини юксалтириш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолади.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти