ТАРИХГА НАЗАР. ТУРКИСТОН ГЕНЕРАЛ-ГУБЕРНАТОРЛИГИ ДАВЛАТИДА СУД ТИЗИМИ ҚАНДАЙ БЎЛГАН ВА У ҚАНДАЙ НОМЛАНГАН?

Тарихчи Баҳодир Эшовнинг Ўзбекистонда давлат ва маҳаллий бошқарув тарихи номли иккинчи китобида баён этилишича, 1867 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилади. Унинг генерал-губернатори ўз қўлида ҳарбий ва фуқаролик ҳокимиятини бирлаштирган. Генерал-губернатор бир вақтнинг ўзида подшо ноиби, ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, Еттисув казак қўшинлари атамани, бош миршаб ва бош прокурор вазифаларини ҳам ўтаган. Генерал-губернатор император томонидан тайинланган ва вазифасидан озод этилган. У ҳарбий вазирга буйсунган.

Россия императори Александр III томонидан 1886 йил 12 июнда “Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.

Туркистон генерел-губернаторлиги бошқарув тизими марказий, вилоят, уезд (туман), участка (волост), шаҳар, қишлоқ ва овул бошқаруви шаклларидан иборат бўлган.

1886 йилги “Низом”га кўра, Туркистон ўлкасини бошқариш қуйидагича бўлинган:

1. Бош бошқарма.

2. Турли тармоқларнинг алоҳида қисмларини бошқариш.

3. Маҳаллий маъмурий бошқарув: вилоят-уезд-волост-қишлоқ.

4. Суд бошқаруви.

Туркистон генерел-губернатори ҳузурида кенгаш, махсус топшириқларни бажариш учун амалдорлар, таржимон ва девонхона мавжуд бўлган.

1867 йилги “Муваққат Низом”га кўра Туркистон ўлкасининг суд ва полиция тизими – ҳарбий суд, империянинг умумий қонунлари асосида суд ва халқ судидан иборат бўлган бўлса, 1886 йилги “Низом”га кўра, уларга ўзгартиришлар киритилиб, қуйидагича бўлган: судлов палатаси, округ судлари, қўшимча мировой (сулҳпарвар) судьялар, фахрий мировой судьялар.

Маҳаллий аҳолининг судлари алоҳида тартибга асосан тузилиб, халқ судлари деб номланган. Халқ судлари алоҳида рус судларига тегишли ишлардан ташқари содир этилган ишларни, бироқ халқ судига тегишли бўлган ҳамда рус ҳужжатлари асосида бўлмаган фуқаролик ишларини кўриб чиққан. Ҳалқ судлари  халқ томонидан сайланиб қўйилган бийлар томонидан амалга оширилган. Улар ҳарбий губенатор томонидан тасдиқланган. Ўтроқ аҳоли учун қози судлари амал қилган бўлиб, улар аҳоли томонидан сайланган ҳамда ҳарбий губернатор томонидан тасдиқланган.

РУФАТ БЕГИМОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси