ТАДБИРКОРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ

очерк

Маълумки, иқтисодий суд ишларини юритишдан кўзланган асосий мақсад иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат.

Иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, улар учун қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш ва улар иштирокидаги низоларни қонун ҳужжатларига асосан синчковлик билан адолатли кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада иқтисодий судлар томонидан ҳам бевосита низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектлари ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали тўлиқ ҳимоя қилишларини таъминлаш мақсадида даъво аризаларидаги ҳар бир ҳолат синчковлик билан ўрганилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари тикланмоқда.

Фикримизга амалий мисол келтирадиган бўлсак, даъвогар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан бошқарманинг 2025 йил 15 февралдаги буйруғига асосан “S.A.J” масъулияти чекланган жамиятида ёқилғи-энергия ресурсларини беҳуда сарфлаш, улардан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш борасида давлат назоратини амалга ошириш билан боғлиқ ўтказилган текширувда жамият томонидан 2024 йил ноябрь ойида реактив қувватни компенсация қилиш бўйича ишлар тўлиқ ташкил этилмаганлиги сабабли 36 528 672 сўм миқдорида электр энергияси исроф бўлганлиги аниқланиб, ушбу ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилган.

Жавобгар томонидан жами 36 528 672 сўмлик электр энергияси исроф қилинганлиги асоси билан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги Қонунининг 45-моддасига асосан исроф бўлган электр энергияси қийматининг эллик фоизи миқдорида, яъни 18 264 336 сўм молиявий санкция белгилаш тўғрисида Инспекциясининг 2025 йил 7 апрелдаги “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкция миқдорини белгилаш тўғрисида”ги 300-сон қарори қабул қилиниб,  қарорга асосан молиявий санкция миқдори 18 264 336 сўм этиб белгиланган.

Ушбу қарор нусхаси жавобгарга ижро қилиш учун юборилган бўлса-да, жавобгар томонидан қарор ижроси бажарилмаганлиги, белгиланган молиявий жарима ихтиёрий тўлаб берилмаганлиги сабабли Инспекция cудга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгарга нисбатан 117 079 691,20 сўм молиявий санкция қўллашни сўраган.

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судиинг 2025 йил 11 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан ариза қисман қаноатлантирилиб, жавобгарга Ўзбекистон Республикасининг “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги Қонуннинг 45-моддаси биринчи қисмига асосан 18 264 336 сўм миқдорида молиявий санкция қўлланилган, молиявий санкцияни ундириш вазифаси Инспекция зиммасига юклатилган.

Ишни Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида қайта кўриш жараёнида биринчи инстанция суди томонидан жавобгарга нисбатан молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш тўғрисида барвақт хулосага келинганлиги аниқланиб, суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво аризасининг қаноатлантирилишини рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилинди ҳамда тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 319-сон қарорининг 1-иловасига асосан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 148-бандида ҳудудий электр таъминоти корхоналари томонидан уланган қуввати 50 кВт ва ундан ортиқ бўлган I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчиларига истеъмол қилинган реактив энергия учун тўловлар ундирилиши, лекин бюджет ва бюджетдан маблағ олувчи ташкилотлар, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари истеъмол қилинган реактив энергия ҳамда реактив энергия ўрни етарлича қопланмаганлиги ҳисобига ҳосил бўлган қувват коэффициенти
(cos φ) ҳисоботларда кўрсатиб ўтилиши, лекин маблағ кўринишида ҳисобланмаслиги ва тўловлар ундирилмаслиги белгиланган.

Биринчи инстация суди томонидан реактив қувват компенсация қилиниши лозим бўлган Сурхондарё вилоят Насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли Жарқўрғон туманида жойлашган “Халқобод-I” насос станцияси Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 21 июлдаги давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш лойиҳасига кўра, жавобгарга давлат-хусусий шериклик шартномаси асосида бошқарувга берилганлиги, ушбу насос станцияси давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари тоифасига киришига эътибор қаратилмаган.

Бундан ташқари, Инспекция ходимлари томонидан текшириш натижалари бўйича 2025 йил 15 февралда расмийлаштирилган далолатномада реактив қувват компенсация қилиниши ҳолати бўйича жавобгарга тегишли автомобилларга сиқилган газ қуйиш шаҳобчасида 2024 йил ноябрь ойида истеъмол қилинган реактив қувват етарли даражада компенсация қилинмаганлиги кўрсатилиб, қўпол хатоликка йўл қўйилганлиги ҳолатига ҳам суд томонидан баҳо берилмаган.

Ваҳоланки, жавобгарга қарашли насос станцияси текширилган бўлиб, жавобгарнинг автомобилларга сиқилган газ қуйиш шаҳобчаси мавжуд эмаслиги ишни юқори инстанция судида кўриш жараёнида аниқланди.

Мазкур ҳолатда Инспекциянинг жавобгарга нисбатан молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги аризаси талаблари асоссиз бўлганлиги сабабли юқори инстанция суди томонидан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, аризанинг қаноатлантирилишини рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилинди ва тадбиркорлик субъектининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари иштирокида кўрилаётган ҳар бир даъво аризаси қонун ҳужжатлари асосида синчковлик билан кўриб чиқилиши, ишни кўриш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қўллаб-қувватланиши ҳамда уларнинг иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш учун қонун доирасида барча зарурий чоралар кўрилиши билан бирга, уларда амалдаги қонунларга нисбатан ҳурматда бўлиш ҳамда шартнома интизомига риоя қилиш муносабати шакллантирилиб борилмоқда.

АСҚАР МАМАРАИМОВ,

Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси