Тадбиркорлар ҳуқуқий ҳимоясининг такомиллашуви.
Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларини такомиллаштириш, кичик бизнес фаолияти самарадорлигини ошириш, кичик бизнес учун қулай муҳитни яратиш, тартибга солишнинг пул-кредит механизмларидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлaрини ярaтиш вa aҳoлини фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Бугун ўз бизнесини йўлга қўйиб, ўзи, оиласи, маҳалла, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган, иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилаётган тадбиркорлар, хусусий корхоналар сафи тобора кенгаймоқда. Юртимиз аҳолиси ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
21 апрель кунидаги “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5087-сон қарори ҳамда 2021 йил 7 сентябрь кунидаги “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ПФ-6307-сон Фармони асосида бизнес юритиш шарт-шароитларни янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш ҳамда солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан бир қатор чор-тадбирлар белгиланди.
Қайд этилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қабул қилинган мазкур ҳужжатлар хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай
шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.
Шунингдек, қабул қилинган мазкур ҳужжатлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмасликни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди.
Хулоса ўрнида айтганда, ривожланиш стратегиямизнинг реал натижаларида, барча соҳада қўлга киритаётган залворли ютуқларимиз моҳияти ва аҳамиятида “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаати учун” тамойилининг устуворлигини кўрамиз. Ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантириб, шу орқали жамият ва давлат равнақига ҳисса қўшаётган тадбиркорларимиз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг такомиллашуви замирида ҳам ана шу олижаноб мақсад мужассам. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатига қарши қаратилган ҳаракат ҳисобланади ва бу борада мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим. Мана шу ҳақиқатни ҳар бир назорат органи ходимининг онгу шуурига чуқур сингдиришга қаратилган ишларимизни янада кучайтириш айни муддаодир.
Джуманазар Бабатов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Шавкат Турсуно
вСурхондарё вилоят суди кадрлар бўлими бош консультанти