ТАБИАТ – БУ БИЗНИНГ УМУМИЙ БОЙЛИГИМИЗ

Бугунги кунда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда энг долзарб мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш, ҳавони тоза сақлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш – буларнинг барчаси инсоният келажагини таъминлайдиган асосий омиллардир.
Экологик қонунчилик – жамият кафолати.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари асосида сўнгги йилларда экологик хавфсизликни таъминлашга оид бир қатор қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу ҳужжатлар:
-атроф-муҳитни муҳофаза қилиш,
-табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш,
-чиқиндиларни қайта ишлаш,
-аҳолининг экологик маданиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Аммо шуни унутмаслик лозимки, қонун фақат қоғозда қолса, унинг ҳеч қандай кучи бўлмайди. Қонун устуворлиги ва жазоларнинг муқаррарлигини таъминлаш – судларнинг энг муҳим вазифасидир.
Суд амалиётида кўплаб қуйидаги мисоллар учрайди:
-чиқиндиларни тартибсиз ташлаш;
-дарахтларни ноқонуний кесиш;
-сув ва ер ресурсларидан самарасиз фойдаланиш;
-ишлаб чиқариш корхоналарининг атроф-муҳитга зарар етказувчи фаолияти.
Бундай хатти-ҳаракатлар учун қонунчиликда аниқ маъмурий жавобгарлик белгиланган. Агар улар катта миқдорда зарар келтирса, жиноят иши қўзғатилади ва тегишли шахслар жиноий жавобгарликка тортилади.
Шу орқали жамиятда энг муҳим тамойил – жазоларнинг муқаррарлиги таъминланади.
Судларнинг вазифаси – фақат жазолаш эмас.
Судлар фақат жазолаш билан чекланиб қолмайди. Асосий мақсад – ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика чораларини кучайтириш ва аҳолининг ҳуқуқий онги ҳамда экологик маданиятини оширишдир.
Очиқ суд мажлислари, жамоатчилик иштирокида ўтказиладиган муҳокамалар, турли тарғибот тадбирлари – буларнинг барчаси профилактик аҳамият касб этади. Чунки ҳар бир фуқаро қонуний оқибатларни чуқур англаганида, ҳуқуқбузарликнинг олди олинади.
Табиат – бу бизнинг умумий бойлигимиз, келажак авлодга қолдириладиган бебаҳо меросимиздир. Уни асраш – ҳаммамизнинг бурчимиз.
Хулоса қилиб айтганда, экология – умумхалқ масаласи. Уни фақат давлат идоралари ёки судлар эмас, балки бутун жамият, ҳар бир фуқаро ўз масъулиятини ҳис этган ҳолда амалга ошириши лозим.
ТОҲИР БЕКПУЛАТОВ,
Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди раиси