Сурхондарё вилоят судлари судьялари ва вилоят ИИБ масъул ходимлари билан семинар ўтказилди.

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ва судьялари, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари раислари ва судьялари ҳамда Сурхондарё вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Б.Хидиров, вилоят ИИБ масъул ходимлари ва туман (шаҳар) ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспекторлари билан видеоконференцалоқа режимида семинар машғулоти ўтказилди.

Йиғилишни вилоят суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси О.Нормаҳматов кириш сўзи билан очиб, кун тартибидаги масалани эълон қилди ва маъруза учун жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси А.Мирзаевга сўз берди.

Судья А.Мирзаев ўз маърузасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни мобиль иловаси орқали кўриш амалиёти ҳамда ушбу масалада амалиётда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар хусусида тўхталиб, қуйидагиларни баён қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ 5050-сон Қарорининг 1-бандида 2021 йил 1 сентябрга қадар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни суд мажлисида масофавий тарзда кўриш амалиётини жорий этиш вазифаси белгиланганлиги, ушбу Қарор ижросини таъминлаш борасида Олий суднинг “E-XSUD” электрон ахборот тизими Ички ишлар вазирлигининг “E-mamuriy ish” электрон ахборот тизими билан тўлиқ интеграция қилинганлиги, профилактика инспекторлари томонидан расмийлаштириладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича тарафларни суд биносига чақирмасдан, видеоконференцалоқа режимида тегишли ҳудудий таянч пунктларида ишларнинг кўрилиши бир қатор ижобий афзалликларга эга эканлиги амалиётда ўзининг исботини топаётганлиги, туман (шаҳар) судлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш учун етарли вақт ажратилган бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар қонуний ечимларини топаётганлиги, мазкур тоифадаги ишларни судларда кўриш масаласида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг кўрсатма хати мавжуд бўлиб, унда:

-иш ҳужжатларининг электрон файли тегишли тартибда PDF форматида сақланмаган ва бу файллар ичидаги маълумотларни тўлиқ ўрганиб чиқишга тўсқинлик қилса;

-иш ҳужжатлари юкланган файллар ичидаги ҳужжат номига номутаносиб маълумотлар сақланган ҳамда бу ишни тўлиқ электрон шакллантириш ва иш ҳужжатларини номланишига кўра рўйхатини юритиш, шунингдек суд жараёнида судья томонидан тегишли ҳужжатлар билан танишиб чиқишда жиддий муаммолар келтирса;

-икки ёки ундан ортиқ варақдан иборат бир турдаги ҳужжатнинг ҳар бир варағи алоҳида-алоҳида файл сифатида сақланиб юборилган ва бу эса ҳужжатлар сонини сунъий ошиб кетишига, бир турдаги ҳужжатларнинг тўлиқ варақларини шакллантириш имконини чекласа рўйхатдан ўтказилмасдан хато ва камчиликларни бартараф қилиш мақсадида қайтарилиши лозимлиги белгиланган.

Раислик қилувчи кун тартибидаги масала юзасидан семинар қатнашчиларига уларни қизиқтирган саволлар юзасидан маъруза учун сўз берди.

Кун тартибидаги масала юзасидан жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди раиси М.Хакимов сўзга чиқиб, туман судига бир кунда масофавий кўриш учун 50 талаб маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар электрон тарзда келиб тушаётганлиги, бу ишларини кўриб улгуришнинг имконияти йўқлигини, шунинг учун қонун талабига асосан бир сутка ичида кўрилиши керак бўлган ишларни суд биносига олиб келиб кўриш таклифини билдирди.

Кун тартибидаги масала юзасидан жиноят ишлари бўйича Денов туман суди раиси К.Муродов сўзга чиқиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни масофавий кўришни янада яхшилаш мақсадида, туман (шаҳар) судлари раислари ва судьяларининг хизмат хоналарига “веб камера”лар ўрнатиш таклифини билдирди.

Шунингдек, Сурхондарё вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник Б.Хидиров ва вилоят ИИБ ҲП бошқармаси бошлиғи майор А.Худойбердиевлар навбат билан сўзга чиқиб, ҳақиқатдан ҳам туман (шаҳар) ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспекторлари томонидан судларга электрон тарзда юборилаётган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар ҳамда бу ишларни масофавий кўриш амалиётида ички ишлар тизимида бир қатор хато ва камчиликлар борлигини ва келгусида уларни бартараф қилиш чораларини кўришларини, ушбу тоифадаги ишларнинг кўрилишида судлар ва ички ишлар бўлимлари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишлари кераклигини билдиришди.

Шундан сўнг ўтказилган семинар машғулоти кўтаринки руҳда ўтганлигини, бу борада ҳар бир судья ва ИИБ ходими ўзининг ҳуқуқий билим савияси ва дунёқарашини оширишда ўзларига тегишли хулоса чиқариб олиши, бунга жавобан доимий равишда ўз устида қунт билан ишлаб, профессионал маҳоратини янада ошириб бориши, шунингдек қонун талабларига қатъий риоя қилишлари лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти