Сурхондарё вилоят суди ташаббуси билан Олий суд Пленумининг 2025 йил 23 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарори муҳокамасига бағишланган семинар ташкил этилди

Бугунги кунда иқтисодий судлар томонидан мазмунан кўриб ҳал қилинаётган ишларнинг маълум қисмини кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажариш имконига эга бўлмаган юридик шахсларга нисбатан қўзғатилган тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар ташкил қилмоқда.

Мамлакатимизда иқтисодиёт ва тадбиркорлик фаолияти жадал ривожланиб, аксарият тадбиркорлик субъектларининг барқарор ривожланиши кузатилаётган бўлса-да, айрим корхона ва ташкилотларнинг у ёки бу сабаб билан ўз мажбуриятларини бажара олмасдан, тўловга қобилиятсизлик ҳолатига тушиб қолиши ҳолатларини ҳам учратиш мумкин.

Маълумки, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 12 апрелдаги “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги ЎРҚ-763-сон Қонуни билан тартибга солиниб келинмоқда.

Сўнгги пайтларда судлар томонидан кўрилаётган тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар сонининг ортиб бораётганлиги ҳамда юқоридаги Қонун нормаларини амалиётда бир хилда қўллаш заруратидан келиб чиқиб, 2025 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг “Иқтисодий судлар томонидан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 13-сонли қарори қабул қилинди.

Бугунги ташкил этилган ушбу семинар машғулотида вилоят прокуратураси, Солиқ ва божхона бошқармалари, Давлат активларини бошқариш агентлиги Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоятдаги барча суд бошқарувчилари ҳамда иқтисодий судлар судьялари иштирок этди.

Семинарда туманлараро иқтисодий судлари иш юритувида бўлган тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни юқоридаги Қонун талаблари, шунингдек Олий суди Пленумининг қарорида белгиланган раҳбарий тушунтиришлар асосида олиб бориш, белгиланган муддатларга қатъий риоя қилиш, тўловга қобилиятсизлик таомилларини қонунчилик талаблари асосида амалга ошириш ҳамда бунда тадбиркорлик субъектларини молиявий жиҳатдан соғломлаштириш ҳамда уларнинг фаолиятини тиклашга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги таъкидланди.

Семинар якунида тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни юритишда амалиётда юзага келаётган муаммоли масалалар қизғин муҳокама қилинди.

Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши соҳада одил судловни таъминлашга кўмаклашиши билан бирга, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни юритиш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

АБДУЛЛА САФАРОВ,

Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси