Сурхондарё вилоят маъмурий судида “8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги байрами” ва “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан очиқ эшиклар куни ташкил қилинди

Жумладан, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакилларини судлар фаолияти билан яқиндан таништириш, жамоатчиликка суд интерактив хизматлари ва коррупцияга қарши курашишда судларнинг роли ҳақида маълумот бериш мақсадида Сурхондарё вилоят маъмурий судида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. 

Тадбирни вилоят маъмурий суди раиси Р.Ғуломов кириш сўзи билан очиб, барчани “8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги байрами” билан самимий табриклади.

Шундан сўнг вилоят маъмурий суди раиси Р.Ғуломов ўз сўзида Сурхондарё вилоят маъмурий суди томонидан судья ва суд ходимларининг хизмат ҳамда хизматдан ташқари юриш-туриш, одоб-ахлоқ қоидаларига, меҳнат ва ижро интизомига риоя қилиши, хизмат вазифаларини виждонан бажариши, сабр-қаноатли, тоза ва ҳалол бўлиши, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, шунингдек, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз курашиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилиб келинаётганлигини таъкидлади.

Хусусан, коррупцияга қарши курашиш бўйича судьялар ва суд аппарати ходимлари ўзларига юклатилган вазифалар ва берилган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, судья ва суд аппарати ходимларига маънавий, ахлоқий жиҳатдан юксалтириш мақсадида ҳар ойида камида битта бадиий китоб ўқиш, умумий ва соҳавий қонунчилик ҳамда мансаб йўриқномаси юзасидан билим ва кўникмаларини баҳолаш бўйича савол-жавоблар ўтказиш, ушбу соҳага оид семинар машғулотлари ўтказиб бориш ва коррупция оқибатларини тушунтириш ҳамда видеороликлар намойиш қилиш юзасидан ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб келинган.

Шу билан бирга, вилоят ҳудудида содир этилган коррупциявий ҳолатларни чуқур таҳлил қилган ҳолда Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларга ахборот киритиш амалиёти ҳам йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, вилоят маъмурий судининг судьялари томонидан бугунги кунда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, судья ва суд ходимлари учун муносиб иш шароитларини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги, бу каби юксак эътибор одил судловни амалга ошириш, соҳа вакилларига судьялик фаолиятини амалга оширишда, энг асосийси, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда, одил қарорлар қабул қилишда муҳим омил бўлаётганлиги таъкидлаб ўтишди.

Якунда оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари билан фикр алмашиниб, уларнинг соҳага доир берилган саволларига масъуллар томонидан жавоблар берилди.

АКРОМ МУХИДДИНОВ,

Сурхондарё вилоят маъмурий судининг судьяси