Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг долзарблиги
Кейинги йилларда юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
18 майда “Рақамли иқтисодиёт ва «Электрон ҳукумат» тизими инфратузилмаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4321-сон Қарори қабул қилиниб, қарорга асосан «Электрон ҳукумат» ва рақамли иқтисодиёт тизимини ривожлантириш доирасида идоралараро ва идоравий ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш бўйича қарорлар буюртмачини мажбурий тарзда белгилаш, шунингдек, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини яратиш ва кейинчалик қўллаб-қувватлашда молиялаштириш манбаларини аниқ кўрсатган ҳолда қабул қилиниши белгиланган эди.
Шунингдек, Президентимиз томонидан 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилиши муносабати билан ҳам мазкур маърузада “Рақамли иқтисодиёт”га фаол ўтиш келгуси 5 йилдаги энг устувор фазифалардан бўлиши таъкидланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.09.2020 йилдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилишини муносабати билан Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6034-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги
ПҚ–3250-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди.
Қарорга асосан қуйидагилар суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари этиб белгиланди:
-фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш;
-судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш;
-махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
-суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш;
-суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш.
Шунингдек, мазкур Қарорга асосан 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди: Унга кўра 2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;
-2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;
-2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;
-2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;
-2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;
-2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;
-судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш.
Шунингдек, Қарорга асосан Судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди: унга асосан 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаш;
-судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш;
-муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш;
-судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиш;
-судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш каби масалалар ёритилган.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз лозимки сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга ҳизмат қилади.
Жамшед Бобоев
Сурхондарё вилоят маъмурий суди Суд ҳужжатлари ижроси мониторинги бўлими бош мутахассиси
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти