СУД ХОДИМЛАРИ БИЛАН МУЛОҚОТ

Тараққиётимиз кушандаси – коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш энг долзарб вазифалардан биридир. Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида коррупциядан ҳоли бўлган адолатли суд тизими яратиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар, шунингдек Олий суд раисининг тизимда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашиш бўйича судья ва суд ходимларига йўллаган мурожаати ҳам ғоятда муҳим аҳамият касб этди.

Сурхондарё вилоят суди Кадрлар бўлими бош консультанти М.Холбеков Сурхондарё вилоят судларининг суд аппарати ходимлари иштирокида айнан шу долзарб масала юзасидан мулоқот ўтказди.

Кадрлар бўлими бош консультанти М.Холбеков вилоят, туманлараро ва туман (шаҳар) судларининг ходимлари билан ўтказилган ушбу мулоқотда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани, судьяларга қўйилаётган талаблар нечоғлик маъсульятли экани, судьяларнинг аксарияти суд ходимлари орасидан тайинланишини, бугунги кунда суд ходимларининг маънавияти, одоби ва масъулияти алоҳида эътиборда экани ҳамда суд ходимларнинг хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланмасликлари ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, мулоқотда коррупциядан ҳоли бўлган адолатли суд тизимини яратиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, соҳада мавжуд тизимли хато ва камчиликларни бартараф этиш кўтарилган масалалар ижросини тўлиқ, ўз вақтида ҳамда сифатли таъминлаш юзасидан кўрилаётган чоралар муҳокама этилди.

Салоҳиятли, ҳар томонлама малакали суд кадрларининг шаклланиши, судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди. Шу маънода соҳада фаолият юритаётган суд ходимларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, малакасини ошириш, умуман, кадрлар сифатини яхшилаш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этаётганлиги қайд этилди.

Мулоқот якунида бугунги кунда судда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходим одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилган ҳолда, ўз вазифасини сидқидилдан адо этиши, мазкур жараёнда таъмагирлик, коррупция каби иллатларга қўл урмаслиги лозимлиги яна бир бор ходимларга уқтирилди.

СИРОЖИДДИН ЖАЛИЛОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси