Суд тизимини рақамлаштириш – шаффофлик ва қонун устуворлигини таъминлаш омили

Суд-ҳуқуқ тизимини рақамлаштириш давлат бошқарувида очиқлик, адолат ва самарадорликни таъминлашга қаратилган муҳим йўналишлардан биридир. Мазкур жараёнда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали суд ишларини юритишда инсон омилини камайтириш ва шаффоф механизмларни яратиш асосий мақсад этиб белгиланган.

Хусусан, суд жараёнларининг электрон шаклга ўтказилиши, ишларни автоматик тақсимлаш, суд мажлисларини аудио ва видео қайд этиш ҳамда суд ҳужжатларининг очиқ электрон базаларда жойлаштирилиши қарорлар қабул қилишда субъектив ёндашувлар ва ноқонуний аралашувларнинг олдини олишга хизмат қилади. Натижада суд фаолиятида ҳисобдорлик ва очиқлик даражаси сезиларли ошади.

Инсон омилининг қисқариши суд тизимида коррупциявий ҳолатлар хавфини камайтириб, қарорларнинг фақат қонун ва далилларга асосланган ҳолда қабул қилинишини таъминлайди. Шу билан бирга, рақамлаштириш фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун суд хизматларидан фойдаланишни соддалаштириб, суд муҳокамаларининг тезкор ва қулай бўлишига замин яратади.

Суд тизимини рақамлаштириш – бу технологик янгиланиш билан бир қаторда, жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг суд органларига бўлган ишончини ошириш ҳамда адолатли судловни таъминлашга қаратилган стратегик аҳамиятга эга ислоҳотдир.

АКМАЛ ҚУРБОНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси