“Соддалаштирилган тартибда иш юритиш”
Ҳаммамизга маълумки мамалакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич, изчил давом эттирилмоқда.
Ислоҳотлар фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Бу ислоҳотлар қонунларга, кодексларга киритилаётган ўзгартиришларда ҳам ўз аксини топмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 сентябрдаги 716-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 25-1-боб билан тўлдирилди.
Бу боб “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланади.
Соддалаштирилган тартибда иш юритиш фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тез, қулай, ортиқча оворагарчиликсиз амалга оширишларига хизмат қилади.
Хуш соддалаштирилган тартибда иш юритишнинг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборати?
Аввало қандай ишлар соддалаштирилган тартибда кўрилиши ҳақида тўхталсак.
Агар даъво баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан 10 бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса 5 бараваридан ошмаса, бундай даъво аризалар бўйича ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши лозим.
Даъвогарнинг илтимосномасига кўра ва жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши мумкин.
Қандай ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши мумкин эмас.
- Давлат сири, тижорат сири, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига доир бошқа сирлар ошкор қилинишига олиб келиши мумкин бўлган ишлар.
- Қўшимча ҳолатларни аниқлаш, қўшимча далилларни текшириш, гувоҳлар кўрсатувларини эшитиш зарур бўлган ишлар.
- Билдирилган талаб бошқа талаб билан боғлиқ бўлса учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса
- Қарши даъво берилган бўлса ва у мазкур даъво билан кўриб чиқилмаса.
- Бир нечта талаб бўлиб, бири соддалаштирилган тартибда, бошқаси умумий тартибда кўриб чиқиладиган бўлса.
Бундай даъволарни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш мумкин бўлмайди.
Суд ариза келиб тушгач аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқаради, ажримда ишни кўриш санасини кўрсатади.
Иш мазкур ажрим чиқарилган кундан эътиборан 20 кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Ишни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.
Суд ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.
Суд тақдим қилинган хужжатларни, важларни текширади, далиллар билан танишади ва ҳал қилув қарори қабул қилади.
Ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти берилиши мумкин. Агар апелляция шикояти берилмаган бўлса, қабул қилингандан 10 кун ўтгач ҳал қилув қарори қонуний кучга киради. Эътиборлиси, умумий тартибда кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинган сўнг 30 кундан кейин қонуний кучга киради.
Ҳал қилув қарори суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида ижро қилинади. Демак ижрога қаратиш муддати ҳам ўз-ўзидан қисқармоқда.
Иш бўйича ҳал қилув қарори апелляция, кассация тартибида, қайта кассация, янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Берилган апелляция шикояти судга келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида кўриб чиқилади.
Мансур Абдурахманов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси