РЕАБИЛИТАЦИЯ ЭТИЛГАН ШАХСЛАРНИ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНМОҚДА
Маълумки, барча ҳуқуқлар қатори фуқароларимизнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатини таъминлаш – бир томондан бу муносабатларнинг не чоғли тартибга солинганлиги билан, иккинчи тарафдан эса, бундай ҳуқуқларни амалга оширишнинг реал имконияти билан белгиланади.
Маълумки, мамлакатимизда ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб шахс ҳуқуқларини чеклашга қаратилган процессуал мажбурлов чораларини одил судлов йўли билан белгилашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шахсни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги масаланинг муҳимлиги, бу фуқаронинг меҳнат қилиш ҳуқуқининг таркибий қисми бўлганлиги боис қонун бу масалани ҳам суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилишини назарда тутади. Аммо, қонун бир вақтнинг ўзида суд ажрими асосида айбланувчи, судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори билан “бекор қилиниши” мумкинлигини ҳам инкор қилмайди. Фақат бундай ҳолларда суриштирувчи, терговчи, прокурор судни хабардор қилиб қўйиши талаб қилинади.
Реабилитация қилинган шахсларни, айниқса ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш бўйича суд амалиётида турли ёндашувлар мавжуд. Бу борадаги суд амалиёти амалдаги қонунлар, қонун ости ҳужжатлари ва шу билан бирга 2019 йил 4 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан барча судларга юборилган 11-9-10-сонли хат ва 2020 йил 26 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг РС-54-20-сонли “2019 йил ва 2020 йил 9 ойи давомида реабилитация билан боғлиқ ишга тиклаш, иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида”ги Раёсат қарорига таяниб шаклланган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 111-моддасида, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим, деб белгиланганлиги сабабли реабилитация қилинган шахслар ишга тиклаш масаласида аксарият ҳолларда фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишмоқда. Аммо бундай тоифадаги ишларни фуқаролик ишлари бўйича судлар айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси нормаларига таяниб ҳал этса, бошқа ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси нормалари асосида ҳал этаётганлигини кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2020 йил 26 ноябрдаги РС-54-20-сонли “2019 йил ва 2020 йил 9 ойи давомида реабилитация билан боғлиқ ишга тиклаш, иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида”ги Раёсат қарорида …фуқаролик ишлари бўйича республика судлари томонидан реабилитация билан боғлиқ ишга тиклашга оид низоларни ҳал этиш амалиёти юзасидан ўтказилган умумлаштириш натижалари бу борада ягона суд амалиёти асосан тўғри йўлга қўйилганлигини, …моддий ва процессуал қонун талабларига риоя қилинаётганлиги, айрим ҳолларда моддий ҳуқуқ нормалари бузилганлиги ва процессуал хатоликларга йўл қўйилганлиги қайд этилган бўлиб, қарорда реабилитация этилган шахснинг ҳуқуқларини тиклаш ва етказилган мулкий зиённи қоплаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда реабилитация тўғрисида қарор чиқарган суд, прокурор ёки терговчини ажрими ёхуд қарори асосида амалга оширилиши лозимлиги қайд этилган бўлсада, аммо ишлар асосан фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриб чиқиб ҳал этилмоқда.
Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда биринчи навбатда реабилитация қилинган шахслар, айниқса реабилитация қилинган ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш билан боғлиқ суд амалиётини бир хиллаштириш мақсадида аввало мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини унификациялаш, шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли Пленум қарорини ишлаб чиқиб қабул қилишни тақозо қилади.Мазкур муносабатларнинг кенг қамровлилиги ва ўзига хослигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Реабилитация қилинган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб қабул қилиниши лозим.
Рамз Тиллаев
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди судьяси