Оғуфурушга нисбатан суд ҳукми ўқилди
Маълумки, сўнги вақтларда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш жинояти ҳолатлари учраётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз.
Ушбу ҳаракатларни содир этганларга қонунчилигимизга кўра, жазо муқаррарлиги белгиланган.
Фикримизни эса бир воқеа тавсилотига қаратсак.
Равшан Набиев (исм-фамилия ўзгартирилган) муқаддам ушбу турдаги жиноятни бир неча маротаба содир этган бўлса-да, яна бойлик орттириш мақсадида, 2024 йил 15 май куни соат 16:55 ларда кўп миқдордаги “героин” гиёҳвандлик воситасини ўзининг Термиз шаҳридаги яшаш уйида “Назорат остида олиш” тезкор тадбирга шартли харидор сифатида киритилган шахсга 20.700 АҚШ долларига сотиб ўтказаётган вақтда тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга тушади.
Буни қарангки, оғуфурушнинг савдоси якунланмай қолди.
Қахрамонимиз бўлган Равшан юқоридаги бу жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмасдан, тезкор тадбир давом эттирилиб унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, ётоқхонасида фалга қоғозга ўралган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сақлаб келганлиги аниқланган ва ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Сурхондарё вилоят наркология диспансерининг хулосасида Равшан Набиев «наркомания гашиш» гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилиш билан касалланганлиги ва у мажбурий тартибда тиббий даволанишга муҳтож эканлиги аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида ўтказилган очиқ суд мажлисида судланувчи Равшан Набиев қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, оилавий шароитини инобатга олиб, суддан ўзига енгиллик беришни сўради.
Суд судланувчига жазо тури ва унинг миқдорини тайинлашда, жиноятни ғаразли мақсадларда содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида, айбига иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида эътиборга олиб, муқаддам судланиб ўзига тегишли хулоса чиқармасдан қасддан жиноят содир этганини оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,273-моддасининг 5-қисми ва 276-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга нисбатан узил-кесил 10 (ўн) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Шу билан бирга жазони махсус тартибли колонияларда ўтаттиришни ҳамда унга нисбатан жазони ўташ жойларида наркоманияга қарши мажбурий тиббий даволаниш чораси ҳам қўлланилди.
Чунки, қахрамонимиз бўлган Равшан Набиев муқаддам ҳам гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш каби жиноятини содир этгани унинг суд томонидан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлишига қарамасдан, муқаддам содир этган жиноятидан ўзига тегишли хулоса чиқармаганлиги унга панд берди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар қандай ёвуз ишни халқ нигоҳидан яшириб бўлмайди. Эртами кечми, қилган нотўғри ишнинг жавоби берилади.
ШЕРЗОД ЮЛДАШЕВ,
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьяси