Оилавий зўравонликни олдини олиш ва оилавий зўравонликлардан жабр кўрганларга амалий ёрдам кўрсатиш.

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

Тазйиқ деганда содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик, шилқимлик тушунилади.

Зўравонлик деганда эса хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат ёки ҳаракатсизликда намоён бўлади.

Шундай ҳолда, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

– ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;

– махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;

– ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;

– содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ваколатларни қуйидаги давлат органлари ва ташкилотлари амалга оширади.

  Жумладан:

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
  2. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари
  3. Ички ишлар органлари:
  4. Меҳнат органлари:
  5. Таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари:
  6. Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари:
  7. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси:
  8. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари:

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизми ҳамда чора-тадбирлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тўғрисида ахборот олишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган, бепул телефон линияси тармоғи (ишонч телефони) ишлаб туришини таъминлайди.

Телефон линияси тармоғи махфийликка риоя этган ҳолда фаолият кўрсатади. Ишонч телефони орқали олинган ахборотни ошкор этишга йўл қўйилмайди, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно.

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар ҳам амалга оширилиши мумкин.

Жумладан:

профилактика суҳбатини ўтказиш;

ҳимоя ордерини бериш;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларга жойлаштириш;

зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш.

Профилактика суҳбати муайян шахсни жамиятда умум қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишга ишонтириш, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ҳамда ҳуқуқий оқибатларини тушунтириш, шунингдек қонунда белгиланган жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириш мақсадида профилактика суҳбати ўтказилади.

Шунингдек, ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ҳимоя ордери ҳам берилади. Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади.

Ҳимоя ордерини берган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсни ҳимоя ордерининг шартлари ҳамда уни бажармаслик оқибатлари ва зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.

Тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ҳимоя ордерини ўттиз кун муддатгача беради ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.

Ҳимоя ордерининг шакли ва уни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Шерзод Элиев

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Чорибек Аролов

Сурхондарё вилоят суди девонхона мудири