“Ноқонуний қурилмаларни бузиш боғлиқ низолар”
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.
Якка тартибда уй қуриш фуқароларнинг уй-жойга бўлган талаб-эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади ва давлат якка тартибдаги уй-жой қурилишига ер участкаларини ажратиш, уй қуришга ссуда ва кредитлар бериш йўли билан ҳар тарафлама кўмаклашади.
Уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низоларга доир ишларнинг тўғри ҳал этилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда якка тартибда уй қуришнинг белгиланган тартибига қатъий риоя этилишини таъминлашда, муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.
Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.
Хуш, суд амалиётида ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни бартараф этишнинг қандай ҳуқуқий асослари бор деган савол туғилиши табиий.
Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги, шу жумладан ана шундай уйга нисбатан олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, мерос олиш билан, шунингдек уйни бўлиш билан боғлиқ даъволар, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс ёки бошқа манфаатдор шахс томонидан тақдим қилинганидан қатъи назар, судларга тааллуқли эмас.
Бундай даъволар билан арз қилинганда, суд аризани қабул қилишни рад этади, агар иш қўзғатилган бўлса иш юритишни тугатади ва аризачига ушбу талаб билан тегишли ҳокимиятга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиради.
Айни вақтда шуни ҳам назарда тутиш зарурки, қонун ўзбошимчалик билан уй қурган шахснинг ва бошқа манфаатдор шахснинг даъволари, агар талаб мулк ҳуқуқи билан боғлиқ бўлмаган, хусусан қурилиш материалларига бўлган ҳуқуқни эътироф этиш, уйга кўчириб киритиш, уйдан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида берилган бўлса, судлар томонидан кўриб чиқилишини истисно этмайди.
Судлар ишни кўришда уйга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи далилларни (қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, олди-сотди, ҳадя шартномаси ва шу кабиларни), уйнинг ва ер участкасининг режасини тақдим этишни тарафларга таклиф қилади ёки ўз ташаббуси билан уларни талаб қилиб олади.
Шунингдек, белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида қурилган янги уйга бўлган мулк ҳуқуқи Фуқаролик кодексининг 210-моддасига асосан давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан вужудга келади.
Уй қурилиши тамом бўлгунига ва давлат рўйхатидан ўтказилгунига қадар уй маҳаллий ҳокимият органларининг рухсатисиз бошқа шахсга берилиши мумкин эмас.
Уйни биргаликда қураётган эр-хотиннинг, иморат солувчининг оила аъзоларининг, шунингдек меросхўрларнинг даъвосига кўра суд қурилиши тугалланмаган уйни, агар унинг битай деб қолганлик даражасини инобатга олиб, алоҳида қилиб ажратиб бериш мумкин бўлган қисмларини кейинчалик уларнинг мазкур шахслар томонидан қурилиши охирига етказилиши техник имкониятлари мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш мумкин бўлса, бўлишга ҳақли.
Ҳокимият ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкасини даъвогарга ажратишни рад қилган тақдирда, суд ҳуқуқ тўғрисида низо мавжудлиги сабабли даъвогарга рад этиш ҳақидаги қарор устидан маъмурий суд орқали низолашишга ҳақли эканлигини тушунтиради.
Даъвогарнинг ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкасини ажратишни рад қилиш ҳақидаги ҳокимият қарорини ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги даъвоси ҳамда ҳокимиятнинг ушбу ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиш ҳақидаги даъвоси биргаликда кўриб чиқилиши ҳам мумкин.
Мухтасар қилиб айтганда, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан тегишли туман ҳокимининг қарори асосида мулк ҳуқуқини қонуний асосларда қўлга киритиши, кадастр идораси томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши, мулкдор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги, ҳар ким қонуний асосларда мулкдор бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Баходир Джумаев
Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти