“Никоҳ шартномасининг афзалликлари”
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оиланинг давлат ва жамият муҳофазасида эканлиги назарда тутилган бўлса, оила аъзоларининг шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, никоҳ шартномасига оид қоидалар Оила кодексида белгиланган.
Ўзбекистон Республикасси Оила кодексининг VI-боби эр-хотин мол-мулкининг шартномавий тартибига бағишланган. Никоҳ шартномаси никоҳланувчи шахсларнинг, яъни эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи келишувдир. Эндиликда қонуний (расмий) мулк тартиби билан бирга мулкнинг шартномавий тартибига ҳам ўрин берилди. Бунда эр-хотин ўзларининг мол-мулкига, унинг айрим турларига ёки эр-хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақли эканлиги белгиланди.
Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин. Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.
Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ шартномаси қандай шаклда тузилган бўлса, унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ҳам шундай шаклда амалга оширилади.
Никоҳ шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Никоҳ шартномаси эр-хотиндан бирининг талаби билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган асослар ва тартибда суднинг ҳал қилув қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Суд амалиётига мурожаат этсак, даъвогар Ш.Анварова жавобгар А.Одиловга (исми ва фамилиялари ўзгартирилган) нисбатан 29 турдаги жами 15.407.000 сўмлик мол-мулкларини олиб бериш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилган.
Туманлараро судининг 2019 йил 16 майдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъво қисман қаноатлантирилган.
Унга кўра, даъвогар Ш.Анварованинг фойдасига жавобгар А.Одиловдан 4 турдаги 1.180.000 сўмлик мулклар олиб берилган.
Юқоридаги фуқаролик ишидан кўринишича, тарафлар ўртасида никоҳ шартномаси тузилмаган, даъвогар томонидан низоли мулклар ҳақиқатда ҳам мавжудлиги ҳақида далиллар тақдим этилмаган, суд томонидан даъво аризада кўрсатилган мулклар бўйича даъвони таъминлаш чораларини кўрган бўлишига қарамасдан жавобгарнинг яшаш уйида юқоридаги мулклар тўлиқ мавжуд эмаслиги аниқланди.
Никоҳ шартномасининг афзаллиги шундаки, у мулкий муносабатларни тартибга солиш орқали оилани мустаҳкамлайди, эр-хотинни бир-бирига тегишли мулкдан тўғри фойдаланишга ва уни яхши сақлашга, мулкий мажбуриятларини ўз вақтида бажаришга ундайди. Дарҳақиқат, суд орқали мулкни бўлишдек кўнгилсиз тортишувларни бошидан кечирганлар никоҳ шартномасини зарурлигини тасдиқламоқдалар.
Мухтасар қилиб айтганда, никоҳ шартномаси тўғрисида ҳуқуқий тарғиботнинг кўчайтирилиши, никоҳланувчиларнинг никоҳ шартномалари қоидалари билан таништирилиши келгусида никоҳ шартномаларининг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратади.
Шерзод Элиев
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси,
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти