Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар деганда нималар тушунилади ва кимлар яқин қариндошлар ҳисобланади?

Маълумки, никоҳ тузиш Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасида белгиланган қоидаларга риоя қилинган ҳолда, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳланувчиларнинг ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади. Бу муддат никоҳланувчилар учун яна бир бор ўзларининг мақсадларини ўйлаб кўриш имкониятини беради.

Шу билан бирга қонун никоҳланувчиларнинг ўзаро аризалари асосида бир ойлик муддатни қисқартириш мумкинлиги имкониятини ҳам белгилаб берган. Унга кўра, ФҲДЁ органи узрли сабаблар бўлганда бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин. Амалиётда бундай узрли ҳолатларга: ҳомиладорлик, бола туғилиши, узоқ муддатли хизмат сафарига кетиш, армия сафига чақирилиш, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар назарда тутилади.

Оила кодексининг 16-моддасига асосан никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар алоҳида белгилаб қўйилган.

Булар:

-томонлардан биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахс бўлса:

-насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида бўлса;

-туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;

-томонлардан биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар бўлса никоҳ тузиш қонунан ман этилади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасига мувофиқ қариндошликнинг икки кўриниши, яъни тўғри ва ён шажара бўйича қариндошлик мавжуд. Қариндош дейилганда бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади.

Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан — иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан — учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.

Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳоказо. Зеро, ҳозирги замон генетикаси ютуғи ва хулосаларига кўра, бундай никоҳ номақбулдир. Тўғри шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир.

Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг — учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса — тўртинчи даражасида турадилар.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳар хил оилада туғилган болаларни бир она эмизиши туфайли сут қариндошлиги ҳам вужудга келади. Бошқа аёлдан туғилган болани эмизган аёл болага иккинчи она ҳисобланади. Демак, гўдак бошқа онанинг сутини эмса, бу бола ўша сут берган аёлнинг фарзанди билан турмуш қуриши мумкин эмас.

Фарзандликка олиш муносабатлари ҳам тўғри чизиқ бўйича яқин қариндошликка тенглаштирилади. Чунки фарзандликка олувчи шахс ота-онанинг ўрнини босади. агар улар ўртасида бошқача туйғу ва муносабат бўлса, у фарзандликка олиш ва ахлоқ табиатига зид бўлиб чиқади. Фарзандликка олиш бекор қилинганида никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар йўқолганлиги сабабли кўрсатилган шахслар умумий асосларга кўра никоҳ тузишлари мумкин.

Бехруз Авазов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси