НИКОҲ ТУЗИШ, ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИШ ЖОЙЛАРИДАГИ ШАХСЛАР БИЛАН НИКОҲНИ ҚАЙД ЭТИШ ТАРТИБИ
Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.
Узрли сабаблар бўлганда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга этмаганнинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши- эмансипация) ФҲДЁ органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин.
Алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар) никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин.
Никоҳни қайд этиш муддатини узайтириш никоҳ тузувчиларнинг биргаликдаги аризаларига биноан кўриб чиқилади. Айрим ҳолларда этарли асослар бўлган тақдирда, шунингдек ФҲДЁ органининг ташаббуси билан ушбу муддат уч ойгача узайтирилиши мумкин.
Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган шахслар билан никоҳни қайд этиш шу муассаса жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ органлари томонидан амалга оширилади.
Маҳкум билан никоҳга киришни хоҳловчи шахс, никоҳга кириш ҳақидаги аризанинг ўзига тааллуқли қисмини тўлдириб ўзи доимий яшаётган ёки жазони ижро этиш муассасаси жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ органига топширади.
ФҲДЁ органи аризада келтирилган маълумотларни ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати билан солиштириб, маълумотларнинг тўғрилигини ва аризачининг имзосини тасдиқлайди ва унга аризани қайтаради.
Шундан сўнг маҳкум билан никоҳга киришни хоҳловчи шахс бу аризани маҳкумга бериши учун жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятига топширади.
Жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти аризани тегишли жойини тўлдириш учун маҳкумга тақдим этади. Маҳкум билан никоҳни қайд этиш ФҲДЁ органи билан келишилган ҳолда жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан ажратилган бинода никоҳга кирувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси