МОДДИЙ НЕЪМАТЛАР НИМА?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 7 ва 8-бобида моддий ҳамда номоддий неъматлар тушунчаси ёритиб ўтилган.

Мол-мулк фуқаролик ҳуқуқлари объекти сифатида кўчмас мулкка ва кўчар мулкка бўлинади.

Кўчмас мулк жумласига ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар киради.

Қонунда бошқа мол-мулк ҳам кўчмас мол-мулк қаторига киритилиши мумкин.

Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни қўлга киритиш ва улар бекор бўлишининг хусусиятлари қонун билан белгилаб қўйилади.

Кўчмас мулк жумласига кирмайдиган мол-мулк кўчар мулк ҳисобланади. Кўчар мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ҳуқуқ эгасининг илтимосига кўра амалга оширилган рўйхатдан ўтказишни рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқ ёки битим тўғрисида ҳужжат бериш ёхуд рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқлаши шарт.

Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган амалга оширилган рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқлар ҳақидаги ахборотни ҳар қандай шахсга бериши шарт.

Ахборот, рўйхатдан ўтказиш қаерда амалга оширилганидан қатъи назар, кўчмас мол-мулкни рўйхатдан ўтказувчи ҳар қандай орган томонидан берилади.

Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқни ёки у ҳақда тузилган битимни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд рўйхатдан ўтказиш муддатларининг бузилиши устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари қонунчилик билан белгилаб қўйилади.

Бутун корхона мулкий комплекс сифатида кўчмас мулк ҳисобланади.

Бутун корхона ёки унинг қисми олиш-сотиш, гаровга қўйиш, ижара ҳамда ашёвий ҳуқуқларни белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ бошқа битимларнинг объекти бўлиши мумкин.

Мулкий комплекс бўлган корхона таркибига унинг фаолияти учун мўлжалланган ҳамма мулк турлари, шу жумладан ер участкалари, бинолар, иншоотлар, ускуна, инвентар, хом ашё, маҳсулот, талаб қилиш ҳуқуқи, қарзлар, шунингдек корхонани, унинг маҳсулоти, ишлари ва хизматларини акс эттирувчи хусусий аломатларга (фирма номи, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари) бўлган ҳуқуқлар ва бошқа мутлақ ҳуқуқлар, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, киради.

Ашёлар фуқаролик ҳуқуқларининг объектлари сифатида қуйидагиларга бўлинади:

-хусусий ва турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар;

-бўлинадиган ва бўлинмайдиган ашёлар;

-истеъмол қилинадиган ва истеъмол қилинмайдиган ашёлар;

-асосий ва мансуб ашёлар;

-мураккаб ашёлар.

Алоҳида, фақат ўзигагина хос, уни бир хил ашёлар орасидан ажратиб турадиган ва шу тариқа хусусий аломатларга эга бўлган ашё хусусий аломатлари билан белгиланган ашё ҳисобланади. Хусусий аломатлари билан белгиланган ашёлар жумласига ноёб, яъни ўзи бир дона бўлган ашёлар, шунингдек муайян усул билан ажратиб қўйилган ашёлар (муҳр босиш, алоҳида белгилар тушириш, номер, рақам бериш ва шу кабилар) киради.

Хусусий аломатлари билан белгиланган ашёлар бошқаси билан алмаштириб бўлмайдиган ашёлардир.

Бир турдаги ҳамма ашёларга хос аломатларга эга бўлган ҳамда сони, оғирлиги, ўлчови ва шу кабилар билан белгиланадиган ашёлар турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашёлар ҳисобланади.

Турга хос аломатлари билан белгиланадиган ашёлар бошқаси билан алмаштирса бўладиган ашёлардир.

Бўлиш натижасида ҳар қайси қисми бутуннинг хоссаларини ўзида сақлаб қоладиган ва шу билан бирга ўзининг хўжалик (мақсадли) аҳамиятини йўқотмайдиган ашё бўлинадиган ашё ҳисобланади.

Бўлиш натижасида қисмлари дастлабки ашёнинг хоссаларини йўқотадиган, унинг хўжалик (мақсадли) аҳамиятини ўзгартирадиган ашё бўлинмайдиган ашё ҳисобланади.

Бир карра фойдаланиш натижасида йўқолиб кетадиган ёки дастлабки ҳолатида мавжуд бўлмай қоладиган ашёлар (хом ашё, ёқилғи, озиқ-овқат маҳсулотлари ва шу кабилар) истеъмол қилинадиган ашёлар ҳисобланади.

Қайта-қайта фойдаланишга мўлжалланган, бунда ўзининг дастлабки ҳолатини узоқ вақт давомида сақлаб қоладиган ҳамда аста-секин емирилиб борадиган ашёлар (бинолар, ускуналар, транспорт воситалари) истеъмол қилинмайдиган ашёлар ҳисобланади.

Агар турли хил ашёлар бирикманинг моҳияти билан белгиланадиган вазифаси бўйича фойдаланиш имконини берадиган яхлит бир бутунни ташкил этса, улар битта ашё (мураккаб ашё) ҳисобланади.

Мураккаб ашё хусусида тузилган битим, агар шартномада бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, унинг барча таркибий қисмларига тааллуқли бўлади.

Ашёдан келадиган ҳосил ва даромадлар, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, ашё эгасига тегишлидир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, юқоридагилардан ташқари, қонунчиликда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, мол-мулк тўғрисидаги умумий қоидалар ҳайвонларга нисбатан ҳам қўлланилиши, пул, валюта қимматликлари, қимматли қоғозлар ҳам моддий неъматлар қаторига киради.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси