“Маҳсулот етказиб бериш шартномалари” бўйича юзага келаётган низолар
Маълумки, шартнома — икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишувидир. Фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркин ҳисобланадилар.
Масалан, Маҳсулот етказиб бериш шартномаси Ўзбекистон Республикасининг Фуқоролик кодексида батафсил баён қилинган. Унга кўра шартнома тузиш тартиби шартлари хусусида батафсил ёритилган.
Фуқаролик қонун ҳужжатлари улар томонидан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг тенглигини эътироф этишга, мулкнинг дахлсизлигига, шартноманинг эркинлигига, хусусий ишларга бирон-бир кишининг ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслигига, фуқаролик ҳуқуқлари тўсқинликсиз амалга оширилишини, бузилган ҳуқуқлар тикланишини, уларнинг суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш зарурлигига асосланади.
Фуқаролар (жисмоний шахслар) ва юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар ва бу ҳуқуқларини ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар. Улар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркиндирлар.
Товарлар, хизматлар ва молиявий маблағлар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида эркин ҳаракатда бўлади.
Хавфсизликни таъминлаш, инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, табиатни ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлса, товарлар ва хизматлар ҳаракатда бўлишини чеклаш қонун ҳужжатларига мувофиқ жорий этилиши мумкин.
Махсулот етказиб бериш шартномаси
[СПиТ:
1.Шартномалар турлари / Маҳсулот етказиб бериш]
Маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи — сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.
Маҳсулот етказиб бериш шартномасининг амал қилиш муддати
Маҳсулот етказиб бериш шартномаси бир йилга, бир йилдан ортиқ муддатга (узоқ муддатли шартнома) ёки тарафлар келишувида назарда тутилган бошқа муддатга тузилиши мумкин.
Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида унинг амал қилиш муддати белгиланмаган бўлса, шартнома бир йилга тузилган деб ҳисобланади.
Агар узоқ муддатли шартномада етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдори ёки шартноманинг бошқа шартлари бир йилга ёки ундан ортиқ муддатга белгиланган бўлса, шартномада тарафларнинг бу шартларни шартноманинг амал қилиш муддати тугагунга қадар кейинги даврлар учун келишиб олиш тартиби белгиланиши лозим. Шартномада бундай тартиб бўлмаса, шартнома тегишинча бир йилга ёки шартнома шартлари келишилган муддатга тузилган ҳисобланади.
Узоқ муддатли шартнома тарафларидан бири етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдорини ёки шартноманинг бошқа шартларини кейинги даврлар учун шартномада белгиланган тартибда келишиб олишни рад қилган ёки ундан бош тортган тақдирда бошқа тараф тегишли даврларда товарларни етказиб бериш шартларини белгилаш тўғрисидаги ёхуд шартномани бекор қилиш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Маҳсулот етказиб бериш шартномасини тузиш вақтида келиб чиқадиган келишмовчиликларни ҳал қилиш
Бир тарафнинг товарлар етказиб бериш шартномасини тузиш ҳақидаги таклифи шартнома лойиҳаси шаклида бошқа тарафга юборилган тақдирда, иккинчи тараф шартномани бошқа шартларда тузишга рози бўлса, лойиҳани олганидан сўнг кечи билан ўттиз кун ичида келишмовчиликлар баённомасини тузади ва уни имзоланган шартнома билан қайтаради, келишмовчиликлар баённомасини олган тараф ўттиз кунлик муддатда шартнома шартларини келишиш чораларини кўриши (имконият бўлса, бошқа тараф билан биргаликда) ёки шартнома тузишни рад этишини бошқа тарафга ёзма равишда билдириши лозим.
Маҳсулот етказиб бериш шартномаси шартлари бўйича келишмовчиликлар баённомасини олган, бироқ шартнома шартларини келишиш чораларини кўрмаган ва шартнома тузишни рад этишини ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатда бошқа тарафга маълум қилмаган тараф шартнома шартларини келишиб олишдан бош тортиш оқибатида етказилган зарарни қоплашга мажбур.
Маҳсулот етказиб бериш даврлари
Агар тарафлар товарларни шартноманинг амал қилиш муддати мобайнида туркум-туркум қилиб етказиб беришни назарда тутган бўлсалар ва унда алоҳида туркумларни етказиб бериш муддатлари (етказиб бериш даврлари) белгиланмаган бўлса, товарлар ҳар ойда бир хил туркумларда етказиб берилиши лозим, башарти қонун ҳужжатларидан, мажбуриятнинг моҳиятидан ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб англашилмаса.
Шартномада маҳсулот етказиб бериш даврларини белгилаш билан бир қаторда товарларни етказиб бериш (ўн кунлик, суткалик, соатлик ва ҳоказо) жадвали ҳам белгиланиши мумкин.
Товарларни муддатидан олдин етказиб бериш сотиб олувчининг розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Муддатидан олдин етказиб берилган ва сотиб олувчи томонидан қабул қилинган товарлар кейинги даврда етказиб берилиши лозим бўлган товарлар миқдорига киритилади.
Маҳсулот етказиб бериш шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортиш
Маҳсулот етказиб бериш шартномасини бажаришдан бир томонлама (тўлиқ ёки қисман) бош тортишга тарафларнинг бири шартномани жиддий бузган тақдирда йўл қўйилади.
Маҳсулот етказиб берувчининг маҳсулот етказиб бериш шартномасини бузиши қуйидаги ҳолларда жиддий деб ҳисобланиши мумкин:
тегишли даражада сифатли бўлмаган, сотиб олувчи учун мақбул муддатда бартараф қилиб бўлмайдиган камчиликларга эга бўлган товарларни етказиб бериш;
товарларни етказиб бериш муддатларини бир неча бор бузиш.
Сотиб олувчининг маҳсулот етказиб бериш шартномасини бузиши қуйидаги ҳолларда жиддий деб ҳисобланиши мумкин:
товарлар ҳақини тўлаш муддатларини бир неча бор бузиш;
товарларни бир неча бор олиб кетмаслик.
Тарафларнинг келишувида маҳсулот етказиб бериш шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортиш ёки уни бир томонлама ўзгартиришнинг бошқа асослари ҳам назарда тутилиши мумкин.
Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартиришнинг бошқа муддати билдириш хатида назарда тутилмаган ёки тарафлар келишувида белгиланмаган бўлса, шартнома бир тараф бошқа тарафдан шартномани бажаришдан тўла ёки қисман бир тарафлама бош тортиш тўғрисида билдириш хати олган пайтдан бошлаб ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳисобланади.
Зоир Рустамов
Денов туманлараро иқтисодий суди раиси