МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ВА УНИНГ ТАРКИБИ

Маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда, қонун ҳужжатларига биноан, маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган шахсга, фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг учта белгиси бор:

1) айбдорлик;

2) ғайриҳуқуқий ҳаракат ёки ҳаракатсизлик;

3) жавобгарликка тортиш.

Маъмурий қонунчилик томонидан тақиқланган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ғайриҳуқуқий маъмурий ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланади.

Айбдорлик қасддан ёки эҳтиётсизлик натижасида юзага келиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 11-моддасига биноан, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлигининг ғайриқонуний эканлигини, унинг зарарли оқибатларини олдиндан билган ва шуни истаган бўлса ёки оқибатларнинг келиб чиқишига онгли равишда йўл қўйган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик қасддан содир этилган ҳисобланади. Мазкур кодекснинг 12-моддасига биноан эса, агар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги зарарли оқибатга олиб келиши мумкинлигига кўзи етса-да, лекин калтабинлик билан унинг олдини олиш мумкин, деб ўйлаган бўлса ёхуд бундай оқибатларнинг келиб чиқиши мумкинлигига олдиндан кўзи етиши лозим ва мумкин бўлгани ҳолда олдиндан кўзи етмаган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик эҳтиётсизлик орқасида содир этилган деб ҳисобланади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар 16 ёшга тўлган пайтдан бошлаб маъмурий жавобгарликка тортиладилар.

Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг таркиби тўрт қисмдан иборат: объект, объектив томон, субъект ва субъектив томон.

Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг умумий объекти – давлат бошқаруви соҳасида юзага келадиган ва маъмурий ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар; турдош объекти – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, мулк, жамоат тартиби, табиий муҳит, бошқарувнинг белгиланган тартиби. Ҳар қайси маъмурий ҳуқуқбузарлик бевосита ўзининг объектига эга, масалан, жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузиш – майда безориликнинг бевосита объектидир.

Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг объектив томони – ғайриқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик. Масалан, жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичиш тақиқланади. Ана шу ғайриқонуний ҳаракатлар маъмурий ҳуқуқбузарликнинг объектив томони ҳисобланади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг субъекти 16 ёшга тўлган фуқаро (умумий субъект); мансабдор шахс, хорижий давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс (махсус субъект); ҳарбий хизматчи, ички ишлар органларининг оддий ва бошлиқлар таркибига мансуб шахс (алоҳида субъект) бўлиши мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг субъектив томонига ҳуқуқбузарнинг айби ва содир этган ҳаракатига руҳий муносабати, ушбу ҳаракатларни қасддан ёки эҳтиётсизлик натижасида содир этганлиги киради.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик жиноий қилмишдан ижтимоий хавфлилик даражасининг пастлиги билан ажралиб туради. Маъмурий ҳуқуқбузарлик жамоат тартибини, хизмат интизомини бузиш, ўз вазифасини суиистеъмол қилиш демакдир.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик Олий Мажлис томонидан қабул қилинган қонунлар – Президент фармони, Вазирлар Маҳкамасининг ва ҳокимларнинг қарорлари билан ўрнатилади. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси II-бўлимининг Махсус қисмида алоҳида кўрсатилган. Бу қисмда ҳуқуқбузарликлар турдош объектлари бўйича қуйидагича таснифланади:

1) фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қиладиган ҳуқуқбузарликлар;

2) аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар;

3) мулкка тажовуз қилувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар;

4) табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар;

5) саноатдаги, қурилишдаги ва иссиқлик ҳамда электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар;

6) қишлоқ хўжалиги, ветеринария-санитария соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар;

7) транспортдаги, йўл хўжалиги ва алоқа соҳаларидаги ҳуқуқ-бузарликлар;

8) фуқароларнинг турар жой ҳуқуқларига тааллуқли, коммунал хизмат ва ободонлаштириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар;

9) савдо, тадбиркорлик ва молия соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар;

10) одил судловга тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар;

11) жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар; 12) бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар.

Жамолиддин Убайдуллаев

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси