Маъмурий суд қарорлари устидан апелляция ва кассация тартибида шикоят қилиш тартиби
Маъмурий судларнинг биринчи босқич судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан ишда иштирок этувчи шахслар, аризачи, жавобгар, учинчи шахслар томонидан апелляция шикояти беришга, прокурор апелляция протест келтиришга хақли, суднинг ҳал қилув қарори устидан тарафлар тўлик ёки қисман шикоят қилишлари мумкин.
Апелляция шикояти вилоят маъмурий судининг апелляция судлов хайъатига берилади, апелляция шикояти ҳал қилув қарори қабул қилган биринчи босқич суди орқали берилади.
Агар вилоят маъмурий суди ишни биринчи босқич судида кўриб ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса, ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти шу суд орқали Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов хайьатига тақдим қилинади.
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд апелляция шикоятини ва протестни келиб тушган кундан бошлаб беш кунлик муддатда апелляция инстанция судига иш билан биргаликда юбориши шарт.
Эски таҳрирда қонунда апелляция шикояти ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан этиборан йигирма кун ичида берилар эди.
13.01.2021 йилда кучга кирган янги таҳрирдаги қонунга кўра апелляция шикояти бир ой муддат ичида берилиши назарда тутилди.
Апелляция шикояти беришни ўтказиб юборилган муддати эски тахрирдаги қонунда тарафнинг илтимосномасига кўра қарор қабул қилинган кундан икки ойдан кечиктирмасдан берилган апелляция шикояти асосли деб топилганда тикланиши лозим эди, янги таҳрирдаги қонунга кўра тарафнинг илтимосномаси бўйича ўтказиб юборилган муддат апелляция инстанция суди томонидан узрли деб топилган бўлса тикланиши мумкинлиги белгиланган, яъни янги тахрирдаги қонун билан муддатини тиклаш учун икки ойлик чегара муддат қонундан чиқариб ташланди.
Апелляция инстанция суди беш кун муддат ичида судья томонидан тайинланиб бу ҳақда тарафларга хабар қилинади, уларнинг иштирокида апелляция иш кўриб чиқилиб, тарафларни, прокурорни музокара сўзлари эшитилиб, судлов хайъати маслахат уйига кириб қонуний қарорни қабул қилиб, сўнгра маслаҳат уйидан чиқиб ишда қатнашган тарафларни иштирокида раислик этувчи қарорни эълон қилади.
Раислик этувчи қарорни элон қилгандан сўнг тарафларга мазкур қарорни устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига бир йил мобайнида шу суд орқали кассация тартибида шикоят қилишга, прокурор эса протест келтиришга ҳақли эканлиги тушунтирилади, шунингдек, тарафларга апелляция судлов хайъатининг қарорини беш кун ичида гибрет почта орқали тарафларга қарор нусхаси юборилиши тушунтирилади. Раислик этувчи тарафларга мазкур иш юзасидан қабул қилган қарорни мазмун моҳиятини қисқача тушунтириб ўтилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан биринчи босқич суди ишлари юзасидан апелляция ва протестларга асосан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.
Янги таҳрирдаги қонунлардаги ўзгаришларга кўра ишларни назорат тартибда кўриш бекор қилинди.
Кассация шикояти (протести) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига берилади. Кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин. Ўтказиб юборилган кассация шикояти (протести) бериш муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра кассация инстанция судининг судьяси томонидан, башарти илтимоснома кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилса, тикланиши мумкин. Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ёки уни тиклашни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилади.
Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 224-моддасида кўрсатилган шахслар ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтириш ҳақидаги ариза билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарларига мурожаат қилишга ҳақли. Ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест киритиш ҳақидаги ариза кассация шикояти (протести) бериш муддатида, ушбу муддат тугаган тақдирда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида берилиши мумкин.Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган муддатлар ўтгандан кейин берилган аризалар кўриб чиқилмайди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ёки уларнинг ўринбосарлари ушбу Кодекснинг 244-моддаси биринчи қисми 4-бандида назарда тутилган асослар бўлган тақдирда, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтиришга ҳақли. Ишни кассация тартибида такроран кўриш умумий асосларда амалга оширилади.
Суннат Халматов
Сурхондарё вилоят маъмурий судининг судьяси