Манзил-колонияда жазо ўтаётган бир гуруҳ маҳкумларга нисбатан инсонпарварлик тамойиллари қўлланилди

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг навбатдаги сайёр суд мажлиси 41-сон манзил-колониясида бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилиб, бир қанча ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.


Бизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасида жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этиш ва шу кодекснинг 74-моддасида эса жазони енгилроғи билан алмаштириш назарда тутилган.
Бугунги сайёр суд мажлисида жами 11 нафар озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумларга нисбатан манзил-колонияси маъмурияти томонидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.


Жумладан, мустақиллик байрами арафасида суд инсонпарварлик тамойилига таяниб ҳамда жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига риоя қилган, ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етиб, ўзларига тегишли хулоса чиқарган 1 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод этиш ҳамда 10 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят Кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши ҳамда бу борада суд ҳокимияти фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ҳамда одил судловни сифатини оширадиган тизим яратишга алоҳида эътибор қаратилган.


Айнан инсон ва адолатли суд ўртасидаги ўзаро муносабатларда қонунийликни ҳамда адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар замирида халқимизнинг осойишта ҳамда рози бўлиб яшаш ҳуқуқи турибди.
Сайёр суд мажлисида жазо муддати енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилган 10 нафар маҳкум ўталмай қолган жазо муддатини тегишли тартибда ўз ҳудудидаги пробация хизматида ўтайди.
ТЎЛҚИН ТЎРАҚУЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси