МАМЛАКАТИМИЗДА ХОТИН-ҚИЗЛАРГА НИСБАТАН АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИСЛОҲАТЛАР

Ҳозирда мамалакатимизда жисмоний, руҳий, иқтисодий ёки жинсий зўравонлик қурбони бўлаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кескин чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Бу борада 2019 йил 2 сентябрь куни “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, 2023 йил 11 апрелдаги 829-сонли Қонуни асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1261-моддаси оилавий (маиший) зўравонлик шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 592-моддаси оилавий (маиший) зўравонлик каби нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар иштирокида ишчи гуруҳлар ташкил этилганлиги, аҳоли ўртасида маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, тарғибот ҳамда тушунтириш ишлари йўлга қўйилаётганлиги хотин-қизларнинг ҳуқуқлари нақадар ҳимоя қилинаётганлигини яққол тимсоли ҳисобланади.
Дунёда ҳар бир инсон қадрли ва дахлсиздир, аммо афсуски, айни пайтда ҳам миллионлаб хотин-қизлар турли кўринишдаги зўравонликка дуч келмоқда. Жисмоний, руҳий, иқтисодий ёки жинсий зўравонлик – қайси шаклда бўлишидан қатъи назар, бу жамиятнинг инсонийлик меъёрларига зид ҳамда келажагимизга катта таҳдиддир.
Хотин-қизларга нисбатан зўравонликни камайтириш ва тугатиш учун ёлғиз курашнинг ўзи камлик қилади. Бу муаммога бутун жамият жавобгар ҳисобланади.
Қуйида бу борада бир қатор ташаббуслар келтирилади:
Оиладан бошлаш: болаларга хурмат, инсоф ва бағрикенглик руҳида тарбия бериш;
Маориф ва таълим: мактаб ва олий таълим муассасаларида зўравонликнинг зарари ҳақида тушунтириш ишларини кучайтириш;
Қонунчиликни мустаҳкамлаш: аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган механизмларни янада кучайтириш ва амалий самарадорлигини ошириш;
Жамоатчилик назорати: зўравонлик ҳолатларини кўрмасликка олмаслик, уларни яширмаслик, аксинча, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълум қилиш.
Шунингдек, зўравонликдан жабр кўрганлар учун психологик ва ҳуқуқий хизматларни кенгайтириш.
Баъзан битта сўз, бир мурожаат, бир қўллаб-қувватлаш хатти-ҳаракат ҳам бир инсоннинг ҳаётини ўзгартиради. Агар атрофимизда зўравонликка учраётган аёлни кўрсак, бефарқ бўлмаслигимиз керак. Жабрланувчига ёрдам қўлини чўзиш – бу фақат эзгулик эмас, балки жамият олдидаги фуқаролик бурчидир.
Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик бу – шaxсий эмас, ижтимоий муаммо. Уни йўқ қилиш учун эса бирлашган ҳолда ҳаракат қилиш зарур. Ҳар биримиз оилада, ишда, кўчада – қаерда бўлмайлик, хурмат ва инсонийликни устувор қила олсак, зўравонликсиз келажак барпо этишга ҳисса қўшган бўламиз.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 592-моддасида белгиланган ҳуқуқбузарликларни содир этиш, яъни оила аъзоларига нисбатан ҳуқуқларни чеклаш – таълим олиш, меҳнат қилиш, соғлиқни сақлаш ва мулкдан фойдаланиш ҳуқуқига тўсқинлик қилиш, мол-мулкка зарар етказиш – шахсий ашёлар ва мулкка қасддан шикаст етказиш, психологик ва иқтисодий тазйиқ – оиладаги тенгликни бузиш, шахснинг эркинлигини чеклаш каби ҳолатларга йўл қўйилган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади ва жавобгарликка тортилади.
Шунингдек, бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик борасида мамлакатамизда бир қатор амалий ишлар жумласига, зўравонликка учраган шахслар учун ҳимоя ордерлари, психологик ёрдам хизматлари ташкил этилмоқда.
Ички ишлар органлари ва судлар томонидан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилмоқда, такрорий ҳолатларда эса жиноий жавобгарликка тортиш механизми ишга туширилмоқда.
Оиладаги тенглик ва шахсий дахлсизликни таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос мавжудлиги;
Қонунчилик ислоҳотлари ва амалий чоралар жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантирилаётганлиги;
Профилактика ва тарғибот ишлари оилаларда соғлом муҳитни таъминлашга хизмат қилаётганлиги;
Давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва халқаро институтлар иштирокида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда оилавий (маиший) зўравонликка қарши курашиш, хотин-қизларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қонунчилик, институционал ва амалий чоралар уйғунлигида амалга оширилиш билан бир қаторда бу жараён шахснинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда тенгликни таъминлашга хизмат қилади.
БЕҲРУЗ СИДИҚОВ,
Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг тергов судьяси






