КОРРУПЦИЯСИЗ ЖАМИЯТ

Таъкидлаш жоизки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини, қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинларининг поймол бўлишга олиб келади. Шу боис коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди. Коррупцияга қарши курашишда давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади.
Шунга кўра, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳияти, суд ходимларининг юриш-туриши, коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслиги, фидоийлик билан ишлашни, оладиган иш ҳақига қаноат қилиши, агарда судда берилаётган иш ҳақи ўз эҳтиёжлари учун етарли бўлмаса, юқори иш ҳақи тўлайдиган ташкилотларда ишлаши мумкинлиги, судга келган фуқаролар билан хушмуомила бўлиши, иш бўйича тарафлар, тарафларнинг қариндошлари ва адвокатлар билан якин муносабатларга киришмаслик, ҳар бир ходим ўзини асраши лозимлиги, суд ходимлари Судьялар одоб-ахлоқи кодекси ва юриш-туриш қоидаларига сўзсиз амал қилишлари, суд ҳокимияти обрўси ва нуфузига путур етказадиган ҳатти-ҳаракатлардан тийилишлари лозим.
Биз ҳозирда тезкор ва шиддатли даврда яшаяпмиз. Энг асосийси, вақт бизни ҳеч қачон кутиб турмайди, ҳар бир соҳада босқичма-босқич амалга оширилаётган ишлар замирида инсон ва унинг манфаатлари ётади. Зеро, бугунги кунда жамият тараққиёти юксалишида юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни борлиги қувонарли ҳол, демак, эришилаётган ютуқлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Унинг ортида халқимизнинг машаққатли меҳнати бор. Ана шундай муваффақиятларга эришишда тўғрилик, соф виждонлик, давлат мулкига хиёнат қилмаслик каби хислатлар асосий ўрин тутишини жуда яхши биламиз. Лекин, айрим ҳолларда юқоридаги хислатларга амал қилмаган шахслар жиноятга қўл урадилар, хулоса қилиб айтганда, бундай жиноятлар кўчаси коррупция атамасини ифода этади.
Бугунги мақоламни бевосита коррупция мавзусига бағишлар эканман, аввало коррупция сўзининг маъноси ҳамда тизимда бу борада амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Порахўрларни одам гўштини ейдиган йиртқичларга ўхшатаман, айтишларича, улар бир марта одам гўшти мазасини тотганидан кейин инсонларни ов қилишни бошлар экан, фақатгина отиб ўлдириш билан дахшатли йиртқичлардан халос бўлиш мумкин эмиш, порахўр ҳам осонгина келадиган мол-дунёнинг мазасини тотганидан сўнг унга кўнгил қўяр экан, одамлар унга пора бериши учун шундай шартлар ўйлаб топарканки, уларни адо этиш жуда мушкул, айримлари эса деярли имконсиз.
Порахўрликни, порахўрларни жамиятдан таг-туги билан қўпориб ташлаш жуда қийин, чунки ўзини топ-тоза тутиб юрган одамлар ҳам бехосдан унинг таъмини татиб кўргандан кейин дарҳол унга мойил, ишқибоз бўлиб қолиб, ҳаётини хавф остига қолдиришдан ҳам чўчимай қўяди-да.
Бунга Хитойдаги вазиятни мисол қилиб келтирса бўлади, у ерда порахўрни умрбод қамоқ ёки ўлим жазоси кутиши аниқ, йилига юзлаб мулозимлар қатл қилинади, минглари қамоққа тортилади, ибрат бўлиш учун амалдорлар мажбурий равишда қамоқхоналарга экскурсияларга олиб борилади, лекин, барибир, Хитойда порухўрлик авж олган.
Шунинг учун порахўрларга қарши курашни тўхтатиш керак, аксинча, уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш керак, лекин пора берган одам қўлга тушса, ўша заҳотиёқ гувоҳлар иштирокида айби бўйнига қўйилиб, суд қилинмасдан қамоққа тиқилиши керак, исм-шарифи, берган пораси миқдори, мақсади халққа ошкор қилиниши лозим, чунки бировларнинг ҳаққини кўзлаган, иши бошқалардан тезроқ ва осонроқ битишини истаган пора берадиган одам порахўрдан минг чандон хавфлироқ, бечора порахўрлар ҳам шундай манфурлар сабабли пайдо бўлади, уларнинг бу “фазилати” юқумлироқ, зарарлироқ, пора берадиганлар бузғунчи, баттол ва ўзбек тилидаги ҳамма ҳақоратли сўзларга лойиқ кимсалардир.
Коррупция – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий-ҳуқуқий ҳодиса ҳисобланиб, аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат амалдорлари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида фуқаролардан пора олиш, қонунга хилоф равишда пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади.
Жорий йил 10 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш назоратини такомиллаштириш ва рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар тақдимоти билан танишиб, соҳани рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш бўйича режа ва таклифлар тақдимот қилинди.
Биринчидан, коррупцияга қарши курашишда иштирок этувчи идоралар, давлат органлари, илмий муассасалар ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳаракатларини уйғунлаштирувчи Коррупцияга қарши курашиш кластерини ташкил этиш таклиф этилди, бунда “таҳлил-кураш- натижа” занжирига асосланган, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаш бошқарувидаги ягона тизим жорий этилади, ҳар бир субъектнинг вазифалари аниқ белгиланиб, агентлик томонидан сарҳисоб ва доимий мониторинг йўлга қўйилади.
Иккинчидан, “Хавф-таҳлил маркази” ташкил этиш зарурлиги таъкидланди, янги марказ давлат органларининг 30 дан ортиқ ахборот базаси билан интеграция қилинган ҳолда коррупция хавф-хатарларини сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш имконини беради, марказда коррупция хавф-хатарларини баҳолаш бўйича дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқилади, давлат харидлари, манфаатлар тўқнашуви, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги билан боғлиқ қонунбузилишларни аниқлашга қаратилган замонавий ахборот тизимлари яратилади, рақамли назорат механизмларини жорий этиш орқали муқаддам коррупция учун судланган шахсларнинг қайта давлат хизматига қабул қилиниши чекланади.
Учинчидан, “Э-қарор” тизимида ҳужжатларнинг очиқ эълон қилиниши устидан назорат ҳамда бюджет маблағларидан фойдаланишда жамоатчилик назорати имкониятларини кенгайтирилади.
Тўртинчидан, соҳалар ва тармоқларда коррупция омилларини бартараф этиш мақсадида лойиҳа офислари ташкил этилади, ушбу офислар коррупциявий жиноятлар кўпайган, фуқаролар норозилиги юқори, бюрократик тўсиқлар мавжуд ва рақамлаштириш даражаси паст бўлган йўналишларда манзилли ишлаш механизмини жорий этади, танланган соҳа бўйича аниқ ташхис асосида белгиланган вазифалар амалга оширилади, соҳада кутилган натижага эришилгунга қадар лойиҳа офиси ўз фаолиятини давом эттиради, лойиҳа амалга оширилаётган ташкилот томонидан молиялаштирилади, лойиҳа якунлари бўйича ҳисобот тайёрланиб, жамоатчиликка очиқ тарзда эълон қилинади.
Бешинчидан, кенг жамоатчиликни коррупцияга қарши курашишга янада кенг жалб этиш мақсадида инвестиция лойиҳаларини мониторинг қилувчи ташаббускор гуруҳлар фаолияти кенгайтирилади, инвестиция лойиҳалари доирасида объектларда амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишларини назорат қилиш жараёнида маҳалла фаолларининг иштирокини таъминлаш механизмлари жорий этилади.
Олтинчидан, коррупция ҳақида хабар бераётганлар сонини ошириш мақсадида уларга ҳимоя ордери бериш йўлга қўйилади, рағбатлантиришнинг реал механизмини жорий этилади, айни мақсадда “Коррупция ва коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Еттинчидан, коррупцияга қарши курашишда юқори фаоллик ва ташаббус кўрсатган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида “Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилади.
Муҳтарам Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида, “бугунги кунда ислоҳотлар самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга-яъни, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлик эканлигини, мамлакатимизнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган энг долзарб масала коррупцияни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш, коррупцияга қарши курашишда алоҳининг барча қатламлари энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан жамиятмизнинг барча аъзолари таъбир жоиз бўлса “ҳалоллик ваксинаси” билан эмланмас экан ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаслигимизни, шу билан бирга, суд остонасида қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганлигига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”-деб таъкидлаган эдилар.
Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли.
Шу боисдан ҳам давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўлди, ушбу қонун меъёрларининг самарали ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида Президентнинг 2017 йил 2 февралдаги Қарори билан “коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури” қабул қилинди, дастур доирасида бир қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди, мавжудлари инвентаризациядан ўтказилди, умуман олганда, сўнгги йилларда қилинган ишлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилганини кўрсатиб турибди.
Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.
Жумладан, суд органларида коррупцияга қарши муросасиз кураш эълон қилинган, бунда суд органларидаги коррупция ҳолатлари ҳақида маълумотларни Telegram-ботканалига, ишончтелефон рақамига ёки Олий суднинг расмий веб-сайтидаги махсус платформага юбориш мумкин. Юборилган хабарлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади ҳамда мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Албатта, бажарилган ишлар салмоқли, аммо биз кечаги қилган ишимизнинг натижасига маҳлиё бўлиб қолсак, эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик бўлмаслиги табиий.
Шундан келиб чиққан ҳолда, иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга, бу эса коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, жамиятда адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ҳужжат ҳисобланади, адолат устувор бўлган мамлакатда эса тараққиёт, халқ фаровонлиги, ислоҳотлар самараси таъминланади.
ЖАМШЕД БОБОЕВ,
Сурхондарё вилоят маъмурий суди бош консультанти






