“Коррупциянинг жамият ва давлат учун ижтимоий хавфли хусусиятлари ва оқибатлари”
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга ошириш бу давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бу соҳада аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш давлат асосий устувор вазифасидир.
Коррупция бу мамлакатда иқтисодиётни янада ўстиришга, халқ фаровонлигини оширишга, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашда тўсиқ бўлувчи омиллардан биридир.
Шу сабабли барча давлатлар каби бизда ҳам коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамият назоратидаги олинган. Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь) қўшилиши, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ва фармонларда ўз тасдиғини топган.
Ушбу меъёрий ҳужжатлар мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш соҳасида вазифалар учун дастур бўлиб хизмат қилмоқда.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунга кўра, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш ҳисобланса, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик эса коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш тушунилади.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриши, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш масалаларига доир тушунтириш ишларини амалга ошириш, ҳуқуқий тарбия ва таълимни, илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш, ўқув-услубий ва илмий адабиётларни ишлаб чиқиш йўли билан зарур чора-тадбирлар кўриб келмоқда.
Судлар томонидан судья ва суд ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини, шу жумладан ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, доимий йиғилиш ва семинарларда судьялар ва ходимларга коррупциянинг жамият ва давлат учун ижтимоий хавфли хусусиятлари ва оқибатлари тушунтириб келинмоқда.
Давлат органларининг ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шартлиги, ушбу мажбуриятнинг давлат органларининг ходимлари томонидан бажарилмаганлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Коррупцияга қарши курашиш нафақат давлат органлари балки ҳар бир корхона, муассаса, ташкилот, юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳам асосий кундалик вазифасига айланиши лозим. Бу иллатга бефарқлиги ушбу иллатнинг кўпайишига хизмат қилса, унга муросасизлик билан курашиш эса унинг камайишига хизмат қилади.
Ҳудудларда судлар томонидан ўтказилган сайёр қабуллар ва халқ билан бўлган мулоқотларда алоҳида эътибор аҳоли онгида коррупцияга нисбатан муросасизликни шакллантириш, давлат ва суд-ҳуқуқ идоралари фаолиятида коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилмоқда.
Ушбу иллатга қарши курашиш ва бу борада қабул қилинаётган Қонун, Президент фармонлари ва қарорларининг мазмун моҳияти судья ва суд ходимлари томонидан ҳар бир қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида, ўқув даргоҳларида, аҳоли ва юридик шахслар билан бўлган учрашувларда кенг тушунтиришлар олиб борилмоқда.
Ушбу соҳада давлатимиз томонидан қабул қилинган қонун ва дастурлар фуқаролар ва тадбиркорларнинг, энг аввало, давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, шунингдек, коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишга ва ушбу соҳасидаги қонун ҳужжатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зокир Тожиев
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси