Коррупция хавфли иллат.

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, турмуш сифатини ёмонлаштиради. Шунингдек, одамлар хавфсизлигига рахна солувчи уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа таҳдидларнинг илдиз отиши учун шароит яратади.

Коррупция у ёки бу даражада барча мамлакатларда учрайди. Уни бартараф этиш бўйича дунё ҳамжамияти қатор самарали ишларни амалга ошираётган бўлса-да, сезиларли натижаларга эришиш, афсуски, машаққатли кечмоқда.

Ушбу иллатга қарши мамлакатимизда ҳам ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан,

2017 йил 4 январда кучга кирган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун билан коррупцияга барҳам беришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Мазкур ҳужжат ижроси тўлиқ ва самарали таъминланиши учун 2017 йил 2 февралда давлат раҳбарининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Аслида бундай меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилинишини тақозо этаётган омилларнинг борлиги ачинарли. Олиб борилган макроиқтисодий ва сиёсий-иқтисодий тадқиқотлар коррупция давлатларнинг иқтисодий ўсиши ва ривожланишига улкан тўсиқ эканини кўрсатмоқда.

Коррупциянинг тарихий илдизига назар ташлайдиган бўлсак, олис ўтмишга бориб тақалишига гувоҳ бўламиз. Яъни одамлар қабила бўлиб яшаган пайтларда маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Албатта, ўша даврларда бу меъёрий ҳолат сифатида қабул қилинган. Бироқ давлат аппаратининг мураккаблашуви ва марказлашуви коррупциянинг мамлакат ривожланишида катта тўсиқ эканини кўрсатди.

Коррупцияга қарши курашган биринчи мамлакат сифатида қадимги Шумер давлати тилга олинади. Қадимги давлатларни коррупция, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ ташвишга солгани бизгача сақланиб қолган манбалардан маълум. Чунки бу ҳолат давлат обрўсига жиддий путур етказарди. Дунёнинг етакчи динларида ҳам биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги кескин қораланади. Жумладан, Қуръони каримда «Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан олмангиз ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан ҳокимларингизга пора қилиб узатмангизлар» дейилган.

XVIII асрнинг иккинчи ярмига келиб, жамият давлат бошқарув аппаратининг иш сифатига тобора кўпроқ таъсир кўрсата бошлади. Бу ўша даврда қабул қилинган қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топган. Жумладан, 1787 йилда қабул қилинган АҚШ конституциясида пора олиш АҚШ президентини импичментга тортиш мумкин бўлган икки жиноятнинг бири сифатида кўрсатиб ўтилган. Сиёсий партиялар шаклланиши ва уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ошиб бориши натижасида XIX-XX асрларда ривожланган давлатларда коррупция дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан анча камайди.

Ушбу иллатни тадқиқ қилган мутахассислар қуйидаги факторларни коррупцияни юзага келтирувчи асосий омиллар сифатида кўрсатади.

Икки хил маънони англатувчи қонунлар. Ушбу вазият ҳуқуқни қўлловчи мансабдор шахс томонидан қонунларни турлича қўллаш имконини яратади. Шунингдек, айрим мутахассислар жиноят ва маъмурий қонунчиликдаги «вилка» санкциялар ҳам коррупцияга қулай шароит яратиши мумкинлигини таъкидлашади.

Аҳоли орасида ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги. Аҳолининг қонунчиликни билмаслиги ёки тушунмаслиги мансабдор шахсга ўзининг шахсий манфаати йўлида қонунлардан фойданишга замин яратади.

Мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг нотинчлиги. Давлатдаги нотинчлик биринчи навбатда аҳоли онгида фаровон турмушга эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият билан боғлиқ деган ахлоққа мутлақо зид нуқтаи назар шаклланишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, коррупцияга кенг йўл очади.

Кўринадики, юқоридаги барча салбий омиллар тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва зудлик билан амалга оширишни талаб қилмоқда.

Джуманазар Бабатов

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси