Иқтисодий судларда қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришнинг ўзига хос ҳусусиятлари
Иқтисодий судлар амалиётида қабул қилинган ҳамда қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини қайта кўриш амалиёти мавжуд.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси асосий тартибга солувчи норматив ҳуқуқий-ҳужжат ҳисобланади.
Бундан ташқари, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда процессуал тартибни амалга оширишда тавсиявий ҳарактерга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2003 йил 25 июлдаги Қарори ҳам мавжуд.
Бунда, янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ суднинг ишни кўриш вақтида ҳисобга олиши мумкин бўлмаган, аризачига ва судга номаълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилингандан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозим.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида ариза берувчи шахслар қуйидагилар ҳисобланади:
- ишда иштирок этувчи шахслар;
- иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқий ворислари;
- суд жаримаси солинган шахслар;
- Ишда иштирок этувчи прокурор (иштирок этган иши юзасидан).
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида аризасини кўриш тартиби:
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, ишда иштирок этувчи шахслар томонидан берилади.
Ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддати, ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, суд томонидан тикланиши мумкин.
Ариза беришда аризада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
1) ариза берилаётган суднинг номи;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
3) аризачи янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни талаб қилаётган суд ҳужжатини қабул қилган суднинг номи, ишнинг рақами, суд ҳужжати қабул қилинган сана, низо предмети;
4) аризачининг ҳужжатларга ҳавола қилинган фикри бўйича суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган янги очилган ҳолат;
5) ариза бераётган шахснинг талаби;
6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Аризага қуйидагилар илова қилинган бўлиши керак:
1) янги очилган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари;
2) ариза ва ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
3) суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза вакил томонидан имзоланган тақдирда, уни имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асослар қуйидагилардан иборат:
1) суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар;
2) экспертнинг била туриб ёлғон хулоса берганлиги, гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги, била туриб нотўғри таржима қилинганлиги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган бўлса ва мазкур иш бўйича қонунга хилоф ёки асосланмаган суд ҳужжати қабул қилинишига сабаб бўлган бўлса;
3) ишда иштирок этувчи шахснинг ёки унинг вакилининг ёхуд судьянинг мазкур ишни кўриш чоғида содир этилган, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими билан аниқланган жиноий қилмишлари;
4) иқтисодий суднинг, фуқаролик ишлари бўйича суднинг, жиноят ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг мазкур иш бўйича суд ҳужжатини қабул қилишга асос бўлган суд ҳужжати ёхуд бошқа органнинг шундай ҳужжати бекор қилинганлиги. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда процессуал муддатларга эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
М.Холбеков
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси