ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ЧЕТ ЭЛЛИК ШАХСЛАР ИШТИРОКИДА ИШЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

Бизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 31-бобига асосан Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судларининг  чет эллик шахслар иштирокидаги ишлар бўйича ваколатлари белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари иқтисодиёт соҳасида чет эл ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокида юзага келадиган низолар бўйича ишларни қуйидаги ҳолларда кўриб чиқади, агар:

– жавобгар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган ёки яшаётган бўлса ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жавобгарнинг мол-мулки бўлса;

– чет эллик шахснинг филиали ёки ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бўлса;

– низо Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бажарилиши лозим бўлган ёки бажарилган шартномадан келиб чиққан бўлса;

– талаб чет эллик шахс томонидан ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир бўлган бошқа ҳолат билан мол-мулкка зарар етказилиши туфайли юзага келган ёхуд зарар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юзага келган бўлса;

– низо Ўзбекистон Республикаси ҳудудида асоссиз бойлик орттиришдан юзага келган бўлса;

– ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги иш бўйича даъвогар Ўзбекистон Республикасида турган бўлса;

– низо Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилган қимматли қоғозларнинг муомаласи билан боғлиқ муносабатлардан юзага келган бўлса;

– юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги иш бўйича аризачи ушбу фактнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мавжудлигини кўрсатаётган бўлса;

– низо Ўзбекистон Республикаси ҳудудида номлар ва бошқа объектларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ муносабатлардан юзага келган бўлса;

– агар тарафлардан ҳеч бўлмаганда бири чет эллик шахс бўлган тақдирда ва улар  Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди уларнинг иқтисодиёт соҳасида амалга оширган фаолияти билан боғлиқ ҳолда юзага келган ёки юзага келиши мумкин бўлган низони кўриш бўйича ваколатга эга деб белгиланган битимни тузса ва, башарти, бундай битим чет давлат судининг мутлақ ваколатларини ўзгартирмаса;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари иқтисодиёт соҳасида чет эллик шахслар иштирокида юзага келган низолар бўйича ишларни ва низоли ҳуқуқий муносабатнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди билан алоқаси мавжуд бўлган бошқа ҳоллардаги ишларни кўради.

Демак, қайси тоифадаги ишлар иқтисодий судларнинг мутлақ ваколатига киради?

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судларининг мутлақ ваколатларига чет эллик шахслар иштирокидаги қуйидаги низолар бўйича ишлар киради:

– Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки бўлган мол-мулкка нисбатан низолар бўйича, шу жумладан мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва давлат мулкини хусусийлаштириш ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун мулкни олиб қўйиш билан боғлиқ низолар бўйича ишлар;

– предмети кўчмас мол-мулк бўлган низолар бўйича, агар бундай мол-мулк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бўлса, ёки бундай мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги низолар бўйича ишлар.

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида чет эллик шахслар иштирокидаги бошқа ишлар ҳам иқтисодий судларнинг мутлақ ваколатларига киритилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судида чет давлатга нисбатан даъво тақдим этишга, уни учинчи шахс сифатида ишда иштирок этишга жалб қилишга, чет давлатга қарашли бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган мол-мулкни хатлаш ҳамда унга нисбатан даъвони таъминлаш бўйича бошқа чораларни қўллашга, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш тартибида ундирувни шу мол-мулкка қаратишга, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ёки халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, фақат тегишли давлатнинг ваколатли органлари розилиги билан йўл қўйилади.

Халқаро ташкилотларнинг суд иммунитети Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланади.

Суд иммунитетидан воз кечиш чет давлатнинг қонунида ёки халқаро ташкилотнинг қоидаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилиши керак. Бу ҳолда Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суди ишни амалдаги Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал Кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқади.

Нурали Эргашев

Сурхондарё вилоят суди девонхона катта консультанти