ИНСОНИЯТ ТАФАККУРИ ВА ИЛМИЙ ИЗЛАНИШЛАРИ МАҲСУЛИ БЎЛГАН МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ

Ҳозирги ривожланиб бораётган дунёда ҳуқуқ соҳасининг муҳим тармоғи бўлмиш муаллифлик ҳуқуқи ҳамда уни тартибга солиш масалалари анчайин мураккаб жараёнга айланиб бораётгани рост. Сабаби шундаки, кун сайин инсоният тафаккури ва илмий изланишлари маҳсули бўлган ёки унинг дунёқараши ҳамда ички кечинмаларини ифода этган фан, адабиёт ва санъат дурдоналари вужудга келмоқда. Бу каби ижодий фаолият натижалари кўпайиб бораверар экан улар билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар ҳам шаклланиб бораверади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида муаллифлик ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида бир қатор қонун ва қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига асосан ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан бўлган ҳуқуқлар муаллифлик ҳуқуқининг объекти ҳисобланади. Бу ҳуқуқ фан, адабиёт, санъат асарларига нисбатан уларнинг мақсади ва қадр-қиммати ҳамда ифодаланиш усулидан қатъий назар татбиқ этилади.

Муаллифлик ҳуқуқи объектлари деганда ижодий фаолият натижаси билан боғлиқ ҳар қандай объект ҳам назарда тутилавермайди. Қонунчиликда ақлий ва ижодий фаолият натижасида вужудга келадиган, аммо муаллифлик ҳуқуқи объекти ҳисобланмайдиган материаллар ҳам белгилаб ўтилган.

Жумладан, расмий ҳужжатлар (қонунлар, қарорлар ва шу кабилар), шунингдек уларнинг расмий таржималари, расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар), халқ ижодиёти асарлари, оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар, инсоннинг бевосита индивидуал асар яратишга қаратилган ижодий фаолияти амалга оширилмасдан, муайян турдаги ишлаб чиқариш учун мўлжалланган техника воситалари ёрдамида олинган натижалар бунга мисол бўлади.

Асар кимнинг ижодий меҳнати билан яратилган бўлса, ана шу фуқаро асар муаллифи деб эътироф этилади. Бир нечта фуқаронинг биргаликдаги ижод маҳсули бўлган асар уларнинг ҳаммуаллифликдаги ижод маҳсули ҳисобланади ҳамда мазкур асарга нисбатан муаллифли ҳуқуқи уни яратувчилар ўртасида тенг эътироф этилади.

Фан, адабиёт ва санъат асарига муаллифлик ҳуқуқи уни яратиш факти бўйича юзага келади. Муаллифлик ҳуқуқининг юзага келиши ва амалга оширилиши учун асарни рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.

Алоҳида муаллифлик ҳуқуқининг эгаси ўз ҳуқуқларидан хабардор этиш учун асарнинг ҳар бир нусхасида акс эттириладиган ва қуйидаги уч унсурдан иборат муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя белгисидан фойдаланиши мумкин:

-айлана ичига олинган лотинча «С» ҳарфи;

-алоҳида муаллифлик ҳуқуқлари эгасининг исми (номи);

-асар биринчи марта эълон қилинган йил. Агар бошқа ҳолатлар исботланмаган бўлса, асарнинг муаллифлик ҳимоя ҳуқуқи белгисида кўрсатилган шахс унинг муаллифи ҳисобланади.

ДИЛМУРОД ЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси