ЗАРАР ЕТКАЗИШДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН МАЖБУРИЯТЛАР

«Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбурият» тушунчасига фуқаролик қонунчилигида таъриф берилмаган. Бироқ мазкур тушунча ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарарни англатади.

Зарар етказган шахснинг етказилган зарарни тўлиқ қоплаш мажбурияти ҳамда жабрланувчининг етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи мавжудлиги акс этган. Бу эса, ўз навбатида, мажбуриятнинг анъанавий тузилиши (конструкцияси) – кредитор ва қарздор муносабатлари мавжудлигини билдиради. Мазкур ҳолатда зарар етказувчи қарздор, жабрланувчи (мулкига, ҳаёти ёки соғлиғига зарар етган шахс) кредитор ҳисобланади. Шу билан бирга, зарар етказилганда жабрланувчининг талаби зарар етказувчи учун мажбурият сифатида юзага чиқади.

Шунингдек, зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятларга мувофиқ, шахс (жисмоний ёки юридик шахс)нинг ҳаёти ва соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказган шахс етказилган зарарни тўлиқ қоплаш мажбуриятини олади. Жабрланувчи эса, ўзига етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Таъкидлаш лозимки, фуқароларнинг ўзаро муносабатларида баъзан уларнинг моддий ёки номоддий манфаатларига зарар етади. Бу зарарлар турли тасодифлар, эҳтиётсизлик, қасд орқали, табиий офатлар натижасида юзага келади. Бундай ҳолатларда етказилган зарар ким томонидан тўланиши масаласи пайдо бўлади. Ҳозирги пайтда юридик ва жисмоний шахс­лар кутилмаган зарарлардан ҳимояланиш мақсадида суғурта хизматидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Аммо ҳар доим ҳам суғурта хизматидан вақтида фойдаланишнинг иложи бўлавермайди. Натижада кутилмаган зарар келиб чиқади. Таъкидлаш лозимки, суғурта товони ҳар доим ҳам етказилган зарарни тўла қоплай олмайди. Шу сабабли, етказилган зарарни муайян бир ҳуқуқий институт ёрдамида тартибга солишнинг иложи йўқ. Бундай муносабатларни тартибга солишда зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбурият институти етакчи мавқега эга бўлади. Фуқаролик ҳуқуқида мажбуриятларнинг бу тури деликт мажбуриятлар, деб ҳам аталади.

Деликт мажбуриятларнинг ҳуқуқий табиатини аниқлашда унинг фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик тушунчаси билан ўзаро нисбатини белгилаш алоҳида аҳамиятга эга. Ҳуқуқий адабиётларда «зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбурият» ва «зарар етказганлик учун жавобгарлик тушунчалари» бир хил тушунчалар сифатида қўлланилади ҳамда «жавобгарлик» тушунчаси бу ҳолатда асосий ўринни эгаллайди. Мазкур ҳолат Фуқаролик Кодексининг
57-бобида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, ушбу боб «Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар», деб номланган. Шу билан бирга, кейинги моддаларда ҳам, асосан, «мажбурият» тушунчаси эмас, «жавобгарлик» тушунчаси қўлланилган. Бу эса, ушбу тушунчалар ўртасида қарама-қаршилик мавжуд эмаслигини, уларнинг узвий боғлиқлигини англатади.

«Фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик» деганда, мулкий тусдаги санкцияларни ҳуқуқбузарга нисбатан татбиқ этиш тушунилади. Фуқаролик ҳуқуқининг умумий асосларига мувофиқ, фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик мулкий тусга эга бўлиб, шартномали мажбуриятларга ҳам, шартномадан ташқари юзага келадиган мажбуриятларга ҳам татбиқ этилади. Бироқ шартномали мажбуриятларда жавобгарлик иккиламчи тусга эга бўлади. Фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик шартномали мажбуриятларни «кузатиб боради» ва мажбурият бузилгандагина қўлланилади. Агар мажбурият лозим даражада бажарилса, жавобгарлик масаласи юзага келмайди.

Зарар етказиш оқибатида юзага келадиган мажбуриятларда эса, жавобгарлик ҳуқуқбузарлик факти асосида пайдо бўлади. Яъни зарар етказиш оқибатида юзага келадиган мажбурият ўз мазмунида жавобгарликни, ҳуқуқбузарга санкция қўллаш имконияти мавжудлигини ифодалайди. Албатта, бу ҳолатда жавобгарлик бошқа бир мажбуриятни тўлдирмайди, «кузатмайди» (шартномали мажбуриятлардаги каби), балки зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлардаги ҳуқуқбузар мажбуриятининг мазмунини ташкил этади.

Айтиш жоизки, баъзи хорижлик мутахассислар деликт ҳуқуқи ва у билан боғлиқ доктриналар тез фурсатда эскириб, ўз аҳамиятини йўқотиб бораётганини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятларга оид қоидалар «техника асрида аравани бошқариш қоидаларига ўхшаш» дир. Зеро, замонавий жамиятда зарарларни қоплашнинг катта қисми суғурта хизматининг зиммасига тушади. Баъзи мутахассислар эса, бу ҳолат, яъни зарарни қоплашда суғурта хизматидан фойдаланиш «деликт ҳуқуқини йўқотиш» учун асос бўлмаслигини, шуб­ҳасиз, етказилган зарарларни қоплашда суғуртанинг ўрни катта эканлигини, бироқ суғурта институти деликт ҳуқуқи билан биргаликда қўлланилиб келинаётганлигини ва бу ҳолат узоқ вақт давом этишини таъкидлашади. Дарҳақиқат, етказилган зарарни қоплашда суғурта хизматининг ўрни беқиёс. Бироқ, етказилган зарарни қоплашга доир қоидаларнинг мавжудлиги суғурта ташкилотлари учун суброгация (Фуқаролик Кодексининг 318,957-моддалари) қилиш имкониятини беришини ҳам назарда тутиш лозим. Зеро, суброгацияни қўллаш фақат деликт институти орқали амалга оширилишини ҳисобга олсак, деликт мажбуриятларнинг аҳамияти жамият ривожининг барча босқичларида пасаймаслигини тушуниш мумкин.

УКТАМ МАМАДИЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судяси