ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР!

очерк

Маълумки, бош Қомусимизда ер-умуммиллий бойлигимиз ҳисобланади. Шу боис ерни асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Шунингдек, мамлакатимизда бу борадаги муносабатлар ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ тартибга солинган.

Қонун меъёрларига риоя қилмаслик охир-оқибат турли хил оворагарчиликларга сабаб бўлади. Буни қуйидаги ҳаётий мисол ҳам тасдиқлайди.

Ангор туманида яшовчи фуқаро Ботир Хуррамов (исм-фамилялар ўзгартирилган) суғориладиган ер майдонида қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш мақсадида 2024 йил март ойининг бошларидан 15 август кунига қадар бўлган вақт оралиғида туман ҳудудида жойлашган “Dilbar” фермер хўжалигининг дала контуридаги, тупроқ унумдорлиги 44.6 балл боннитетли суғориладиган экин ер майдонидан ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда жами 0.0660 гектар ер майдонини эгаллаб олиб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонида 5 хонадан иборат жами 204 кв метр майдонда ноқонуний равишда уй-жой ва иморатлар учун пойдевор қилади. Сўнг у ғиштларини тердириб, устини ёпиб олган ҳолда ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширади. Натижада бу ҳаракатлари билан Ботир Хуррамов давлат манфаатларига 15.365.150 сўм миқдорида моддий зарар етказганлиги аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2291-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тўпланган иш судга юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди ушбу жиноят ишини суд мажлисида атрофлича кўриб чиқиб, Ботир Хуррамовни Жиноят Кодекси 2291-моддасининг 2-қисми билан айбдор деб топди ва унга нисбатан қонуни жазо тайинлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланишда ҳар бир киши қонун талабларига риоя этган ҳолда иш тутса, юқоридаги сингари нохуш ҳолатларга асло ўрин қолмайди.

Зеро, ўзбошимчалик ҳеч кимга наф келтирмаган. Буни ҳеч қачон ёддан чиқармаслик керак.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси