ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА АНГОР ТУМАН СУДИНИНГ 2025 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ САРҲИСОБИ

Мамалакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда давлатимизда кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳаларни қамраб олганлиги барчамизга маьлум.
Ушбу ислоҳотларда инсон қадри энг олий қадрият сифатида мустаҳкамланиб, ижтимоий давлат тамойили конституциявий даражада белгилаб қўйилди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари янада кучайтирилди.
Суд-ҳуқуқ тизимида эса судларнинг мустақиллиги таъминланди, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилди, одил судловга эришишда очиқлик ва шаффофлик тамойиллари изчил жорий этилди.
Бунга мамлакатимизда қабул қилинган бир қанча қарор, қонунларни мисол келтиришимиз мумкин.
Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 21 августда имзоланган фармон асосида судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва “Рақамли суд” концепциясига босқичма-босқич ўтиш белгиланди.
Мазкур ислоҳотлар жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди фаолиятида ҳам ўз натижасини бермоқда. Хусусан, 2025 йилда туман судида 203 нафар шахсга нисбатан 145 та жиноят иши кўриб тамомланган бўлиб, шундан 153 нафар шахсга нисбатан 107 та жиноят иши бўйича жазо тайинланиб ҳукм чиқарилган, 45 нафар шахсга нисбатан 35 та жиноят ишлари тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан харакатдан тугутилган.
Бу даврда маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича эса 2567 нафар шахсга нисбатан 2197 та маьмурий иш кўриб тамомланган, 1566 нафар шахсга нисбатан 1456 та маьмурий иш бўйича маьмурий жазо қўлланилган, 1001 нафар шахсга нисбатан 744 та маьмурий иш тугатилган.
Шунингдек, туман суди раиси томонидан ўтган 2025 йилда жами 79 нафар фуқаролар қабул қилинган бўлиб, 21 та мурожаатлар сайёр қабулда, 5 та мурожаатлар халқ қабулхонасида, 53 мурожаатлар бевосита идорада қабул қилинган.
Бундан ташқари, туман суди томонидан 2025 йил давомида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича кенг қамровли тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, жами 171 маротаба тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди.
Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалиётда ўзининг самарали натижасини кўрсатмоқда десак хато бўлмайди. Ушбу ютуқларни аҳолининг кенг қатламига тўлиқ ва тушунарли етказиш эса барқарор ривожланиш ҳамда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим омили ҳисобланади.
АББОС ХОЛМУМИНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси






