ВОЯГА ЕТМАГАН ФАРЗАНДГА АЛИМЕНТ ПУЛИ УНДИРИШ БЕЛГИЛАНДИ
Фарзандлар камолоти, таълим-тарбияси ва уларни моддий жиҳатдан таъминлаш барча ота-оналарнинг зиммасидаги мажбуриятлардан бири ҳисобланади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 117-моддасида “Эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шартлиги, бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан биринчи гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр) дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга эканли”ги белгиланган.
Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман судига даъвогар Пардаева Гулнора (исми, шарифлари ўзгартирилган) даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Шамсиев Умар билан қонуний турмуш қурганлиги, ўрталарида бир нафар фарзанди борлиги, жавобгар моддий томондан таъминламаслиги, жавобгар умуман фарзанди тарбияси билан қизиқмаслиги, ўзи ҳеч қаерда ишламаслиги, бола тарбияси билан бандлиги, моддий ёрдамга муҳтожлигини билдириб, вояга етмаган бир нафар фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар жавобгардан моддий таъминот (алимент) ундириб беришни сўраган.
Аниқланишича, даъвогар Пардаева Гулнора ва жавобгар Шамсиев Умар ўртасидаги никоҳ Бойсун туман ФҲДЁ бўлими томонидан 2021 йилда тегишли далолатнома ёзувига асосан қайд этилган, ўрталарида бир нафар фарзанди 2022 йилда туғилган Шамсиев Ғолиб Умарович исмли фарзанди бор бўлиб, даъвогар Г.Пардаева ва жавобгар У.Шамсиевлар ўзаро келишмовчиликлар сабабли, алоҳида яшайдилар, фарзанди уч ёшга тўлмаган, у даъвогар тарбиясида эканлиги, даъвогар ҳеч қаерда ишламаслиги, уч ёшга тўлмаган фарзанди тарбияси билан бандлиги, моддий ёрдамга муҳтожлиги кўринади.
Жавобгар Шамсиев Умар даъвогар турмуш ўртоғи Пардаева Гулнорага моддий ёрдам бериши шарт бўлсада, бундай ёрдам беришдан бош тортган.
Шу сабабли, юқоридаги қонун талабидан келиб чиқиб, суд томонидан даъвогар даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгар Шамсиев Умарнинг ҳисобидан даъвогар Пардаева Гулноранинг фойдасига 2022 йилда туғилган Шамсиев Ғолиб Умарович исмли фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 30 фоизи миқдорида 2023 йил 8 февралдан бошлаб моддий таъминот (алимент) ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиниб, даъвогар Пардаева Гулноранинг ҳуқуқлари тикланди.
Лочин Усаров
Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди раиси