ВОЯГА ЕТМАГАН БОЛАЛАРНИНГ ШАХСИЙ НОМУЛКИЙ ҲУҚУҚЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 65-моддасида боланинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқи юзасидан раҳбарий қоидалар белгиланган бўлиб, унга кўра, ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эгалиги, бола манфаатларига зид бўлган ҳолатлар бундан мустаснолиги, бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши, ҳар тарафлама камол топиши, инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги қайд этилган. Боланинг ота-онаси бўлмаганда ёки улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда ва бола ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда унинг оилада тарбияланиш ҳуқуқи васийлик ва ҳомийлик органи томонидан таъминланиши мумкин.
Шунингдек, бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.
Ота ва она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга бўлади. Ота-она турли давлатларда яшагани тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эгалиги амалдаги қонунчилигимизда кафолатланган.
Фавқулодда вазиятларга тушиб қолган бола (ушлаб туриш, қамоққа олиш, ҳибсга олиш, даволаш муассасасида бўлиш ва бошқа ҳолларда) ўз ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан қонунда белгиланган тартибда кўришиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шу билан бирга бола ўз ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Боланинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар), ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор ва суд томонидан амалга оширилади. Вояга етмаган бола қонунга мувофиқ тўла муомала лаёқатига эга деб эътироф этилса, у ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шу жумладан ҳимоя ҳуқуқини мустақил амалга оширишга ҳақли бўлиб ҳисобланади.
Бундан ташқари, бола ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан қилинадиган суиистеъмолликлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Ўз навбатида боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан, ота-она (улардан бири) болани тарбиялаш ва таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганда бола ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб, васийлик ва ҳомийлик органига, ўн тўрт ёшга тўлгандан кейин эса, мустақил равишда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир. Боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганлигидан, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола айни пайтда яшаб турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилиши шарт. Шундай маълумотларни олгач, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан зарур чоралар кўриши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 68-моддасида оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақли эканлиги қайд этилган.
Вояга етмаган ота-она ўз боласи билан бирга яшаш ва унинг тарбиясида иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт. Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга. Ота-она болаларининг қонун ҳужжатларида белгиланган зарур даражада таълим олишини таъминлаши шарт.
Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш уларнинг ота-онаси зиммасига юклатилади. Ота-она ўз болаларининг қонуний вакиллари ҳисобланадилар ҳамда ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларда, шу жумладан судда алоҳида ваколатсиз уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладилар. Васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ота-она ва болалар манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик борлиги аниқланганда, ота-она ўз болаларининг манфаатларини ҳимоя қилишга ҳақли эмас. Ота-она ва болалар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлганда васийлик ва ҳомийлик органи болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил тайинлаши шарт.
Васийлик ва ҳомийлик мажбуриятларини бевосита амалга ошириш учун васийлик ва ҳомийлик органлари васий ёки ҳомий тайинлайди. Васий ёки ҳомий этиб вояга етган ҳар икки жинсдаги фуқаролар уларнинг розилиги билангина тайинланиши мумкин. Васийлик ёки ҳомийлик тайинлаш лозимлиги васийлик ва ҳомийлик органларига маълум бўлган вақтдан бошлаб бир ойдан кечиктирмай васий ёки ҳомий тайинланиши лозим. Васий ёки ҳомийни тайинлаш вақтида унинг шахсий фазилатлари, тегишли мажбуриятларни бажаришга қобилияти, мазкур шахс билан васийлик ёки ҳомийликка муҳтож шахс ўртасидаги муносабатлар, шунингдек васийлик ёки ҳомийликка олинувчининг ўз хоҳиши эътиборга олиниши лозим.
Чорибек Аролов
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси