ВОЯГА ЕТГАН ВА ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР СУДЛАРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШДА ТЕНГ ҲУҚУҚЛИМИ?

Биламизки, кўп ҳолатларда вояга етмаганлар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда кўплаб қийинчилик ва тўсиқларга учрашидан хавфсирашади. Мамлакатимизда вояга етмаганлар учун вояга етганлардек бевосита ҳуқуқларини амалга ошириш белгиланган бўлмаса-да, билвосита тенг ҳуқуқлардан фойдаланиш мумкинлиги имконияти яратилган.  

Фикримизни маъмурий судга (судга) мурожаат қилиш ҳуқуқи орқали таҳлил қиламиз. Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасига эътибор қаратамиз.

Судда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш лаёқати вояга етган фуқаролар ва юридик шахсларга тегишлидир.

Вояга етмаган шахс қонунда ўн саккиз ёшгача никоҳ қуриш мумкин бўлган ҳолда — никоҳ қурган вақтдан бошлаб, шунингдек у қонунда белгиланган тартибда тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилинган ҳолда (эмансипация) судда ўз процессуал ҳуқуқларини шахсан амалга ошириши ва процессуал мажбуриятларини бажариши мумкин.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахснинг, шунингдек муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, ҳомийлар, тарбияловчи, даволовчи муассасалар ёки бошқа шунга ўхшаш муассасалар маъмурияти) томонидан ҳимоя қилинади. Бироқ, суд вояга етмаган шахснинг ўзини ёки муомала лаёқати чекланган фуқарони бундай ишларда иштирок этишга жалб қилишга ҳақли.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича вояга етмаган шахс судда ўз ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ, суд вояга етмаган шахснинг қонуний вакилларини бундай ишларда иштирок этишга жалб қилишга ҳақли.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахснинг, шунингдек руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги) натижасида муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг қонуний вакиллари томонидан ҳимоя қилинади. 

Хулоса ўрнида ҳуқуқларим бузилган, ҳимоя ҳуқуқига эҳтиёжим бор деб ҳисоблаган ҳар бир шахс, хусусан вояга етмаган шахс ҳам билвосита қонуний вакиллари орқали бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, тиклаши мумкин, дейиш мумкин.

Жамшед Бобоев

Сурхондарё вилоят маъмурий суди бош консультанти