ВОСИТАЧИЛИК ШАРТНОМАСИ БУ ….

Воситачилик шартномаси бўйича бир тараф (воситачи) иккинчи тарафнинг (комитент) топшириғи бўйича ўз номидан, бироқ комитент ҳисобидан бир ёки бир неча битимни ҳақ эвазига тузиш мажбуриятини олади. Воситачилик шартномаси ёзма равишда тузилиши шарт.

Воситачи томонидан учинчи шахс билан тузилган битим бўйича, гарчи битимда комитентнинг номи тилга олинган ёки у битимни бажариш бўйича учинчи шахс билан бевосита муносабатларга киришган бўлса ҳам, воситачи ҳуқуқларга эга бўлади ва зиммасига мажбурият олади.

Воситачилик шартномаси муайян муддатга ёки амал қилиш муддати кўрсатилмаган ҳолда, қайси ҳудудда бажарилиши кўрсатилган ёки кўрсатилмаган ҳолда, комитент воситачига топширган комитентнинг манфаатларини кўзлаб ва унинг ҳисобидан битим тузиш ҳуқуқини учинчи шахсларга бермаслик ҳақида мажбурият олган ҳолда ёки бундай мажбуриятни олмаган ҳолда, воситачилик нарсаси бўлган товарларнинг ассортименти хусусида шартлар қўйилган ёки қўйилмаган ҳолда тузилиши мумкин.

Қонунчиликда айрим турдаги воситачилик шартномасининг хусусиятлари назарда тутилган бўлиши мумкин.

Воситачи учинчи шахс билан ўзи тузган битимдан келиб чиқадиган ҳамма мажбуриятларни бажариши ва ҳамма ҳуқуқларни амалга ошириши шарт.

Воситачи ўз зиммасига олган топшириқни комитентнинг кўрсатмаларига мувофиқ, воситачилик шартномасида бундай кўрсатмалар бўлмаганда эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ комитент учун энг фойдали шартлар асосида бажариши лозим. Агар воситачи битимни комитент кўрсатганидан ҳам фойдалироқ шартлар асосида тузган бўлса, қўшимча фойда, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тарафлар ўртасида баравар тақсимланади.

Воситачи битимнинг ижроси учун комитентга кафолат берган (делкредере) ҳолларда у воситачилик шартномасида келишилган миқдорда қўшимча ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Комитент ҳисобидан учинчи шахс билан тузилган битим учинчи шахс томонидан бажарилмаганлиги учун воситачи комитент олдида жавобгар бўлмайди, воситачи ушбу шахсни танлашда зарур эҳтиёткорлик қилмаган ёки битимнинг бажарилишига кафолат берган (делкредере) ҳоллар бундан мустасно.

Воситачи учинчи шахс билан тузган битимни учинчи шахс бажармаган тақдирда, воситачи бу ҳақда дарҳол комитентга хабар бериши, зарур далил-исботларни тўплаши ва таъминлаши, шунингдек комитентнинг талабига кўра бундай битим юзасидан ҳуқуқларни талабларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги қоидаларга риоя қилган ҳолда унга топшириши шарт.

ДИЛОРОМ АЛМУРАТОВА

Сурхондарё вилоят суди судьяси