БОЗОРДАГИ ЎҒРИ ҚЎЛГА ТУШДИ

Ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишни мақсад қилган Содиқов Ражаб (исм шарифлар шартли) жорий йилнинг ёзида, Ангор тумани Наврўз маҳалласи ҳудудида жойлашган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотадиган жойдан Олимов Равшанга тегишли гуруч ва нўхат маҳсулотлари қаровсиз қолдирилганлигидан фойдаланиб, ушбу гуруч ва нўхат маҳсулотларидан сотилиш нархи 400.000 сўм бўлган вазни 50 килограмм бўлган “Искандар” навли бир қоп гуручини, сотилиш 450.000 сўм бўлган вазни 50 килограмм бўлган “Аланга” навли бир қоп гуручини ҳамда сотилиш нархи 1.000.000 сўм бўлган вазни 50 килограмм бўлган бир қоп “Туя” навли нўхатини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

У ўзининг жиноий ҳаракатлари билан жабрланувчи Олимов Равшанга жами 1.850.000 сўм моддий зарар етказган.

Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида Содиқов Ражаб излаб топилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди томонидан кўриб чиқилиб, суд давлат айбловчисининг хулосасини, ҳимоячининг фикрини, судланувчи Р.Содиқовнинг кўрсатувини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқди.

Суд жараёнида судланувчи Р.Содиқовнинг жиноят содир этганликдаги айби, унинг айбига иқрор бўлиб берган кўрсатувидан ташқари, тарафларнинг розилиги билан дастлабки терговдаги кўрсатуви ўқиб эшиттирилган гувоҳларнинг кўрсатувлари, тушунтириш хатлари, ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомаси ва унга илова қилинган фото-жадвал, нарсани олиб қўйиш, кўздан кечириш ва таниб олиш учун кўрсатиш ҳақидаги баённомалари ҳамда уларга илова қилинган фото-жадваллар, юзлаштириш баённомалари, видео-ёзувларни кўздан кечириш баённомаси, нарсани ашёвий далил деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган бошқа далиллар билан исботланди.

Суд судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, судланувчига нисбатан қонун санкциясида белгиланган жазони тайинлади. Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз лозимки, Фикримиз сўнгида ўғирлик жинояти жабрланувчисига айланиб қолишдан сақланинг деймиз.

Б.Чаршанбиев

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди девонхона мудири