БИР ГУРУҲ ШАХСЛАРГА ИНСОНПАРВАРЛИК ТАМОЙИЛИ ҚЎЛЛАНИЛДИ
Суд-ҳуқуқ соҳасида конституциявий талаблар асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла таъминланмоқда.
Зеро, ушбу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсонни рози қилиш, уларнинг эзгу орзуларини рўёбга чиқариш, пировардида инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик жамиятни барпо этишдан иборатдир.
Жорий йилнинг 27 июль куни Музработ тумани 10-сонли мусиқа ва санъат мактаби биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси И.Шаймановнинг раислигида туман ички ишлар бўлими Пробация гуруҳида жазо ўтаб турган уч нафар маҳкумларни ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан, олти нафар маҳкум муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, бир нафар маҳкумга нисбатан озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлагани, суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармагани учун бошқа жазо турига алмаштириш юзасидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.
Суд, иш ҳужжатларини атрофлича ўрганиб чиқиб, инсонпарварлик тамойилига таяниб, Музработ туман Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи ҳисобида туриб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, ўрнатилган тартиб қоидаларига риоя қилган, ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган, жазони ўташ даврида интизомий жазога тортилмаган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етиб, тузалиш йўлига ўтганлиги, бундан ўзларига тегишли хулоса чиқарганлиги инобатга олиниб, инсонпарварлик тамойили асосида жами тўққиз нафар маҳкумларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан ўталмай қолган жазо муддатидан илгари шартли озод қилинди.
Шунингдек, сайёр суд мажлисида озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган бир нафар маҳкумга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 481-моддаси 6-қисмига асосан тайинланган озодликни чеклаш жазоси озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштирилди.
Сайёр суд мажлисида раислик қилувчи томонидан маҳкумларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозимлиги, жазони ўташ тартибини бузганлик учун сақлаш режимини ашаддий бузувчи маҳкумларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган интизомий чора оқибатлари, шунингдек жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинланиш оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириладиган барча ишлар замирида қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш каби эзгу ғоялар ётади. Айнан инсон ва адолатли суд ўртасидаги ўзаро муносабатларда қонунийликни ва адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар замирида халқимизнинг осойишта ҳамда рози бўлиб яшаш ҳуқуқи турибди.
Бу билан суд, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етган ва ахлоқан тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга имкон берилганлиги ҳалқимизнинг кечиримлилик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг руёбга чиқарилиши билан бир қаторда жазодан озод этилган шахсларнинг жамиятда ўз ўрнини топишда, оила аъзолари, фарзандлари, шунингдек жазодан озод қилинган шахсларнинг оилаларда тинчлик-хотиржамликни таъминлаш билан бирга, эл-юрт тарақиёти учун муносиб хисса қўшишларига яна бир имкон яратди.
Жамиятимизда шахсни тарбиялаш орқали соғлом муҳит яратиш вазифаси, нафақат судларнинг, балки кенг жамоатчилик, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини унутмаслик лозим.
Икром Шайманов
Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси