Банкротлик тушунчаси, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи, уни амалга ошириш тартиб-таомиллари ва қонундаги жавобгарлик.
Дунёдаги иқтисодиёти барқарор ўсаётган давлатлар тажрибасига эътибор берсак, иқтисодиётни ривожлантириш ва кафолатли ҳимоя этишга қаратилган илғор ҳуқуқий асослар базаси мустаҳкамлигига амин бўласиз. Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, эркин ва соғлом рақобат муҳитини яратиш, иқтисодий ва тижорат соҳасида бозор муносабатларини тараққий этиш ва тартибга солиш учун қонунчилик ва амалиётда бошқа ҳуқуқий инстутлар қаторида банкротлик каби институтнинг мавжудлиги ўзига хос аҳамиятга эга.
Савол туғилади. Банкротлик ўзи нима? Уни амалга ошириш тартиб-таомиллари қандай? Сохта банкротлик ва банкротликни яшириш нимада ифодаланади ва бу ҳаракатлар учун қонунда қандай жавобгарлик белгиланган? Банкротликка оид муносабатлар қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади? Мақолада юқорида қайд этилган саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Банкротлик сўзи италянча “bankarotta”, яъни banka-ўриндиқ (курси), rotta-синган сўзларидан ташкил топган бўлиб, “синган курси” маъносини англатади. Шимолий Италия шаҳарлари – Генуя ва Венецияда барча битимлар махсус биноларда амалга оширилган. Ҳар қайси уруғ, оила савдо уйларида ёғочдан ясалган курсига эга бўлиб, уруғ бошлиғи ёки унинг вакили шу курсида ўтириб битимлар тузган. Агар уруғ бошлиғи молиявий мажбуриятларини бажара олмай қолса, унинг курсиси одамлар кўз ўнгида синдирилган.
Ўзбекистон Республикаси “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида асосий тушунчалар берилган бўлиб, иқтисодий суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги – банкротлик (иқтисодий ночорлик) деб аталади.
Шунингдек, қонунда банкротликка оид ишларни юритишда ишлатиладиган атамаларга тушунчалар берилган. Жумладан, бир турдаги кредиторлар — қарздорга нисбатан бир хил талабларга эга бўлган ва уларни қаноатлантиришда бир-бирига нисбатан имтиёзга эга бўлмаган кредиторлар гуруҳи;
келишув битими – тарафларнинг суд низосини ўзаро ён бериш асосида тугатиш тўғрисидаги битими;
кредиторлар – қарздор пул мажбуриятлари бўйича ва (ёки) мажбурий тўловлар мажбуриятини бажариш бўйича қайси юридик ёки жисмоний шахс олдида жавобгар бўлса, айни шу юридик ёки жисмоний шахслар (қарздор қайси фуқаронинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганлиги учун жавобгар бўлса, айни шу фуқаро, шунингдек ўз иштирокидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича қарздор юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари) бундан мустасно);
кредиторлар йиғилиши (кредиторлар қўмитаси) вакили – банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этишига кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан ваколат берилган шахс;
кузатув – иқтисодий суд томонидан қарздор юридик шахсга нисбатан унинг мол-мулки бут сақланишини таъминлаш, қарздорнинг молиявий аҳволи таҳлилини ўтказиш мақсадида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза қабул қилинган пайтдан эътиборан кейинги таомилга қадар қўлланиладиган банкротлик таомили;
мажбурий тўловлар – давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;
мораторий – қарздор юридик шахс томонидан пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар мажбурияти бажарилишини тўхтатиб туриш;
пул мажбурияти – қарздорнинг фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси бўйича ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра кредиторга муайян пул суммасини тўлаш мажбурияти;
суд бошқарувчиси (муваққат бошқарувчи, санация қилувчи бошқарувчи, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси) – банкротлик таомилларини ўтказиш мақсадида иқтисодий суд томонидан тайинланадиган шахс;
судгача санация қилиш – қарздор юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари) ёки унинг мол-мулки эгалари, кредиторлар ва бошқа шахслар томонидан қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш ҳамда банкротлигининг олдини олиш мақсадида кўриладиган чора-тадбирлар;
суд санацияси — қарздор юридик шахсга нисбатан молиявий жиҳатдан соғломлаштириш ва унинг кредиторлар олдидаги қарзини узиш мақсадида қарздорнинг ишларини бошқариш ваколатларини санация қилувчи бошқарувчига ўтказмаган ҳолда иқтисодий суд томонидан қўлланиладиган тўлов қобилиятини тиклаш таомили;
ташқи бошқарув — қарздор юридик шахсга нисбатан уни молиявий жиҳатдан соғломлаштириш мақсадида қарздорнинг ишларини бошқариш ваколатларини ташқи бошқарувчига ўтказган ҳолда иқтисодий суд томонидан қўлланиладиган тўлов қобилиятини тиклаш таомили;
тугатишга доир иш юритиш — кредиторларнинг талабларини мутаносиб равишда қаноатлантириш, қарздорнинг мажбуриятлардан озод этилганлигини ҳамда тугатилганлигини эълон қилиш мақсадида иқтисодий суд томонидан қарздорга нисбатан қўлланиладиган таомил;
тўлов қобилиятини тиклаш таомили — иқтисодий суд томонидан қарздорга нисбатан қўлланиладиган, суд санациясини ёки ташқи бошқарувни ўз ичига оладиган ҳамда қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга қаратилган ташкилий-хўжалик ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутувчи таомил;
шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхона – ходимлари уларнинг оила аъзоларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда тегишли аҳоли пункти аҳолисининг камида ярмини ташкил этувчи ёки ходимларининг сони камида уч минг киши бўлган ёхуд давлатнинг мудофаа қобилияти ва хавфсизлиги сақлаб турилишини таъминловчи ёки табиий монополиялар субъекти бўлган юридик шахс;
қарздор — пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс, агар пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққан бўлса;
қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг вакили – банкротлик таомили ўтказилаётганда қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси ваколат берган шахс;
қарздор ходимларининг вакили – банкротлик таомили ўтказилаётганда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун қарздорнинг ходимлари ваколат берган шахс;
қишлоқ хўжалиги корхонаси – қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги), фермер хўжалиги ва юридик шахс ташкил этган ҳолдаги деҳқон хўжалиги, шунингдек фаолиятининг асосий тури товар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиришдан иборат бўлган бошқа юридик шахслар деб таъриф берилган.
Қонуннинг 4-моддасида банкротлик аломатлари нималардан иборатлиги белгилаб қўйилган. Яъни, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги:
агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса — олти ой ичида бажарилмаган бўлса;
агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз бараварини ташкил этса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонага нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг бараварини ташкил этса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса базавий ҳисоблаш миқдорининг камида йигирма бараварини ташкил этса, қарздорнинг банкротлик аломатлари ҳисобланади.
Банкротлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш иқтисодий судларга таааллуқлидир.
Пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, кредитор ва прокурор эга.
Қарздор ва кредитор банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризада қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга ёхуд тугатишга доир таомилларни қўллаш зарурлигини кўрсатиши мумкин.
Мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги муносабати билан қарздорнинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига қарздор, прокурор, давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарзи бўлган юридик шахсларга нисбатан банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ва унинг ҳудудий органлари эга.
Ўзбекистон Республикаси “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуннинг 49-моддасига кўра банкротлик тўғрисидаги иш иқтисодий судининг мажлисида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши, банкротлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда икки ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Банкротликка оид муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикаси “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган маълумотларни эълон қилишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 11 июндаги 160-сон қарори, “Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкотликка олиб келиш аломатларини аниқлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2013 йил 14 август кунидаги 224-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 1 февралдаги ПҚ-4146-сон қарорлари билан тартибга солинади.
Ўзбекистон Ресбуликаси ЖКнинг 180-моддаси диспозицияси мазмунига кўра, хўжалик юритувчи субъектнинг ўз мажбуриятларини иқтисодий жиҳатдан бажара олмаслиги ҳақида била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган эълон бериши кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлишда ифодаланган ҳаракатлари сохта банкротлик ҳисобланиб, ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоси белгиланган.
Хўжалик юритувчи субъектнинг ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот ва ҳужжатларни тақдим этиш, бухгалтерлик ҳисоботларини бузиб кўрсатиш йўли билан иқтисодий жиҳатдан ўзининг тўловга қодирлигининг йўқотганлигини ёки иқтисодий ночорлигини бошқача тарзда қасддан яшириши кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлиши банкротликни яшириш ҳисобланиб, ЖКнинг 181-моддаси 1-қисмига кўра, юқоридаги ҳаракатларни содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо санкциялари белгиланган .
Ўзбекистон Республикаси ЖК 1811-моддасида эса якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёки юридик шахс мансабдор шахси, муассиси (иштирокчиси) ёхуд мол-мулкининг мулкдори томонидан шахсий манфаатларини ёки бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб содир этилган қасддан банкротликка олиб келиш, яъни тўловга қобилиятсизликни қасддан юзага келтириш ёки ошириш, ушбу якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг барқарор иқтисодий ночорлигига (банкротлигига) олиб келса, кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, қасддан банкротликка олиб келиш жиноятини содир этган деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш белгиланган.
Қонунга мувофиқ, сохта банкротлик, банкротликни яшириш, банкротликка олиб келиш жиноятини содир этган шахс томонидан етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
Қонунчиликда банкротлик институтини жорий этилганлиги, санация, ташқи бошқарув каби соғломлаштириш чораларини қўллаш орқали биринчидан, иқтисодий ночор аҳволга тушган хўжалик субъекти учун бундай аҳволдан чиқишга имконият берилади, иккинчидан, хўжалик субъектларининг банкрот деб топилиши натижасида тўлов интизоми мустаҳкамланади, яъни кредитор корхоналар олдидаги қарзларни, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлай олмаётган хўжалик субъекти тугатилиб, унинг мол-мулки сотилади ва ушбу қарзлар имкон қадар қопланади, учинчидан, бир корхонадан қарзни ололмаслиги натижасида бошқа корхонага қарзни тўлай олмаслик каби занжирсимон қарздорликка чек қўйилади, тўртинчидан, кредиторлик ва дебиторлик қарзларнинг ошиб кетишига барҳам берилади, бешинчидан, қарзга ботган хўжалик субъектининг узоқ вақтдан буён сотилмай турган товарлари, бошқа мол-мулки бозор баҳосида, ҳатто ўз таннархидан кам баҳода бўлса-да, мажбурий тартибда сотилади, олтинчидан, хўжалик субъектлари ўртасидаги рақобат кучаяди, улар имкон қадар фойда билан ишлашга, доимий изланишга мажбур бўлишади.
Аббос Холмуминов
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси