АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ – ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. 2026 йил 3 март куни мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, айниқса аёллар ва болаларни ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳужжат қабул қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёйев томонидан имзоланган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли Фармон бу борадаги ислоҳотларни янада янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Мазкур Фармоннинг асосий мақсади – жамиятда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда профилактика ишларини кучайтиришдан иборат.

Бу Фармон ана шу йўналишдаги ислоҳотларни янада тизимли ва самарали ташкил этишга қаратилган.

Фармонда аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини барвақт аниқлаш ва бартараф этиш бўйича қатор янги механизмлар назарда тутилган. Жумладан:

-профилактик чора-тадбирларни кучайтириш;

-ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим ва тиббиёт муассасалари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш;

-зўравонликдан жабр кўрган шахсларга ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш;

-жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш.

Шунингдек, маҳаллалар, таълим муассасалари ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги масъулиятини ошириш ҳам муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Фармонга мувофиқ, аёллар ва болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг таълим олиши, соғлом ўсиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

Бу орқали:

-оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш,

-болалар тарбиясига эътиборни кучайтириш,

-аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби вазифалар амалга оширилади.

Мухтасар айтганда, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – нафақат давлат органларининг, балки бутун жамиятнинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Мазкур Фармоннинг амалий ижроси эса юртимизда янада адолатли ва хавфсиз ижтимоий муҳитни шакллантиради.

Қабул қилинган ушбу Фармон эса мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатининг изчил давоми ҳисобланади. Ушбу ҳужжат жамиятда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва адолат муҳитини мустаҳкамлаш, шунингдек келажак авлоднинг соғлом ва баркамол вояга етишига хизмат қилади.

ТОҲИРБЕК УСМОНОВ,

Термиз туманлараро иқтисодий суди судьяси