АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙ ЮРГАН ОТА

очерк

Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар. Бу норма Конституция ҳамда қонунларда мустаҳкам белгилаб қўйилган.

Ота – она алоҳида, ҳаттоки бир хонадонда бирга яшаган тақдирда ҳам ота ёки она вояга етмаган болаларига таъминот беришга мажбурдир.

Ана шундай воқеалардан бири, Шўрчилик Фарход Жумаев (исм-фамилия ўзгартирилган) суд ҳужжатига асосан икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун жами 42.448.755 сўм алимент пулларини тўлашни унутиб қўйган кўринади.

Суд ҳужжатига асосан Мажбурий ижро бюроси Фарход Жумаевга икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун тўлаши лозим бўлган алимент пулларини тўлашни бир неча эслатишига қарамасдан, у эса алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келганлиги сабабли суднинг қарорига мувофиқ, унга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси 1-қисми билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланади.

Қарздор Фарход Жумаев ўзига маъмурий қамоқ жазо тайинланганидан кейин қилган қилмиши оқибатларини тушуниб етди шекилли, ўз жигаргўшаларини моддий таъминотини ўйлади-ю, 4 кундан сўнг 42.448.755 сўм алимент пулларини тўлаб берди.

Шундан сўнг Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан Фарход Жумаевга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилиб, амалдаги Қонун нормаларига асосан енгиллик қўлланиб, у маъмурий қамоқ жазосидан озод қилинди. Унга юритилган иш эса Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 271-моддаси 10-бандига асосан тугатилди.

Хулоса шуки, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш жавобгарликка сабаб бўлади. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзанд олдидаги бурчни унутмаслик керак.

ХАДИЧА РАХИМОВА,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг тергов судьяси