КРЕДИТОРЛАРНИНГ ГАРОВ БИЛАН ТАЪМИНЛАНГАН ТАЛАБЛАРИНИ ҚАНОАТЛАНТИРИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

Сўнгги йилларда республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Мазкур ислоҳотлар жамиятда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини  таъминлаш, мулк даҳлсизлигини ишончли ҳимояллаш, бозор муносабатларида мулкий ҳуқуқларни вужудга келиши, бекор бўлиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади.

Кейинги йилларда мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида берилган мол-мулкка нисбатан кредиторлар ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш, гаровга қўйилган мол-мулкни аукцион орқали сотиш жараёнларини соддалаштириш, шунингдек гаров билан таъминланган мажбуриятларни суддан ташқари тартибда ундириш амалиётини такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилиб, ҳуқуқий ислоҳотлар давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга амалиётда кредит (ипотека) шартномаси бўйича мажбуриятларни қарздор томонидан ўз вақтида ва (ёки) лозим даражада бажарилишини, кредиторнинг гаров билан таъминланган талаблари қондирилишини, суд тартибида ва суддан ташқари тартибда ундирувни гаров нарсасига қаратишни, гаровга олувчининг гаров нарсасига бўлган ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги яққол сезилмоқда.

Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан ЎРҚ-1060-сонли Қонуни орқали Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига, «Гаров тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу Қонун кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштиришга, мажбуриятларни гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштиришга ва кредит ташкилотларининг кредит портфелидаги муаммоли активлар улушини камайтиришга хизмат қилиш билан бирга, кредит ташкилотлари томонидан кредит олувчи ва гаровга қўйувчиларга нисбатан асоссиз даъволарни судларга киритилишини ҳам тартибгга солади.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган «Гаров тўғрисида»ги 736-ХII-сонли Қонунига  қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, Жумладан:

1) 19-модданинг олтинчи қисмидаги «26-моддасининг тўртинчи қисми» деган сўзлар «26-моддасининг бешинчи қисми» деган сўзлар билан алмаштирилди, яъни

2) 26-модда:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлган тақдирда, жуда арзимас деб ҳисобланади:

1) агар гаров билан таъминланган, қарздор томонидан қопланмаган мажбуриятнинг суммаси гаров қийматининг ўн беш фоизидан камроқни ташкил қилса;

2) агар гаров билан таъминланган мажбурият бажарилишининг кечикиши кетма-кет уч ойдан ошмаган бўлса»;

тўртинчи ва бешинчи қисмлари тегишинча бешинчи ва олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

3) 27-модда тўртинчи қисмининг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«1) қонунда бошқа шахснинг ёки органнинг гаров тўғрисида шартнома тузиш учун розилиги ёхуд рухсати ҳақидаги талаб белгиланган бўлса, бундан мазкур мол-мулкни гаровга бериш чоғида зарур бўлган розилик ёки рухсат олинган ҳоллар мустасно»;

4) 28-модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Агар мол-мулк бир нечта кредитор олдидаги мажбуриятларнинг бажарилишини таъминласа, гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган пул маблағлари мазкур мажбуриятларни қонунда белгиланган навбат бўйича бажаришга йўналтирилади.

Гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулк кимошди савдосида сотиш, бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш йўли билан ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин.

Гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархи гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасидаги келишувга асосан белгиланади. Гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасида мол-мулк нархи бўйича келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, мустақил баҳоловчи ташкилот жалб этилади ва гаровнинг дастлабки қиймати бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда баҳолаш билан боғлиқ барча харажатлар мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилган тараф томонидан қопланади».

Мазкур қонун 2025 йилнинг 22 апрель кунидан эътиборан кучга кирган бўлиб, унинг суд ишларини юритишда қўлланилиши, қарздор томонидан мажбуриятни бузилиши жуда арзимас бўлган ҳолларда, ундирувни гаров мулкига эмас, балки муддати ўтган қарздорликни ундиришга қаратиш лозимлигини назарда тутади. Бунинг оқибатида кредиторлар томонидан асосли даъво киритилишига ва қарздорга муддати ўтган қарздорликни бартараф этишга имконият яратади.

ДИЛМУРОД БЎРИЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси

ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ СУД ОРҚАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КАФОЛАТЛАРИ КУЧАЙТИРИЛАДИ

Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 9 июндаги ЎРҚ-1067-сонли қонунига кўра, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги белгиланди.

Шунингдек, шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кўзда тутилди.

Ўзбекистон Республикаси «Судлар тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, судьяларнинг муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги белгиланди.

Шунингдек, судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши кўрсатилди.

Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

СУД ИШЛАРИНИ АЙРИМ ЙЎНАЛИШЛАРДА ПРОКУРОР ИШТИРОКИНИ МАЖБУРИЙ ҚИЛИШ ТАКЛИФИ БЕРИЛДИ

Жорий йилнинг 10 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда депутатлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Фуқаролик процессуал кодексига тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича суд томонидан кўриб чиқиладиган ишларда мажбурий тартибда прокурорнинг иштирокини таъминлаш билан боғлиқ қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, бирламчи кўмак хоналарига ёки Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар учун банк картасини тиклаш соддалаштирилади.

Шу каби, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар – уларга ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига тегишинча никоҳни қайд этганлик тўғрисида ва туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берганлик учун давлат божини тўлашдан озод қилиш назарда тутилмоқда. 

Таъкидлаш керакки, мазкур ҳужжат келгусида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари манзилли ва самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтириш, ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, уларнинг сифатини оширишга хизмат қилади.

НАРГИЗА ШАРИПОВА,

Термиз туманлараро маъмурий суди судьяси

ФАРЗАНДЛАРИ ТАЪМИНОТИГА БЕФАРҚ БЎЛГАН ОТА

(очерк)

Жиноят ишларри бўйича Термиз шаҳар судининг очиқ суд мажлисида вояга етмаган фарзандлари учун алимент тўлашдан бўйин товлаган Рустам Ахмедов (исм-шарифи ўзгартирилган)га оид жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг ҳал қилув қарорига аоссан, қарздор Рустам Ахмедовдан ундирувчи Ноила Сафарова (исм-шарифи ўзгартирилган) фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти барча иш ҳақи ва бошқа барча ишлаб топган даромадларининг 1\3 қисми миқдорида алимент тўлаш лозимлиги белгиланган. Бироқ, қарздор Рустам  Ахмедов 2025 йил 1 январдан 2025 йил 1 июнга  қадар бўлган давр учун жами бўлиб 8.162.810 сўм алимент пулларини тўламасдан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларига икки ойдан ортиқ муддат мобайнида моддий таъминлашдан бўйин товлаб келган.

Унинг бу ҳаракатлари Мажбурий ижро бюросининг Термиз шаҳар бўлими ходимлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддаси билан тўпланган маъмурий иш материали жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида кўриб чиқилди.

Давлат ижрочиси томонидан Рустам Ахмедовга алимент  қарздорлигини тўлаш ҳақида ҳуқуқий тушунтиришлар ва бир неча бор ёзма равишда огоҳлантиришларига қарамасдан, алимент пулларини тўлашни пайсалга солиб, алимент қарзларини тўламасдан бош тортиб юргани уни суд залигача олиб келди.

Суд қарори билан фарзандлари олдидаги масъулиятини эсидан чиқариб, оталик бурчини унутган ҳуқуқбузар Рустам Ахмедовга 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

Конституциямизнинг 77-моддасида, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларниннг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши ҳусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги қайд қилинган.

Шу каби, амалдаги Оила Кодексининг 96-моддасига кўра, “Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги” белгиланган.         

Шундай экан ҳар бир ота-она болалар давлатимизнинг эртанги келажаги эканлигини чуқур ҳис этган ҳолда оилада соғлом муҳит яратишга масъул эканлигини унутмаслиги керак.

ИКРОМ ШАЙМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг тергов судьяси

Маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар сайёр суд мажлисида муҳокама қилинди

Мамлакатимизда 2025 йил 1 январдан бошлаб, жиноят ишини юритишга масъул шахслар рўйхатига “тергов судьяси” лавозими қўшилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июнда қабул қилинган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу янги лавозимнинг жорий этилишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Шу билан бирга, суд-тергов амалиёти инсон ҳуқуқ ва ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинганлигини, шунингдек жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш чораларини кучайтириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.

Муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

2025 йил 3 июнь куни жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг  ташаббуси билан Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармаси Жамоат  Хавфсизлиги Хизмати Пробация бўлими биносида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг тергов судьялари Икром Шайманов ва Ғайбулла Остонов раислигида ўтказилган сайёр суд мажлисида  Термиз шаҳар ички ишлар бўлими томонидан тақдим қилинган жами 42 та маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар кўриб чиқилди.

Профилактика инспекторлари томонидан 27 та маъмурий иш тақдим қилинган бўлиб, шундан 12 та иш юзасидан жазо муқарарлиги таьминланиб, ҳуқуқбузарларнинг қилимишига яраша жазо тайинланди, Шунингдек, 15 та маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича тарафларнинг ярашуви муносабати билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 271-моддаси 10-1-бандига асосан иш юритувдан тугатилиб, маъмурий жавобгарликдан озод қилинди.

Бундан ташқари, Йул ҳаракат хавфсизлиги бўлими томонидан 14 та маъмурий иш тақдим қилинган маъмурий ишлар бўйича 12 та иш юзасидан ҳуқуқбузарлик содир этганларга жазо тайинланди, 2 та маъмурий иш эса қўшимча суриштирув ҳаракатлари ўтказиш учун маъмурий органга юборилди.

Сайёр суд мажлиси якунида судьялар томонидан йиғилиш иштирокчиларига  қабул қилинган суд қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар, шунингдек “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан  иштирок этиш учун янада  қўлай шароитлар яратилишии муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим  қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1047 сонли Қонуни мазмун моҳияти юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

ИКРОМ ШАЙМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг тергов судьяси

ҲУҚУҚБУЗАРГА ЖАЗО МУҚАРРАРЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ

Шахсий телефонида ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни сақлаб келган шахс қамоққа олинди.

Мамлакатимизда таъқиқланган миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади. Афсуски, кўп юртдошларимиз ижтимоий тармоқлардан нотўғри фойдаланишлари натижасида жавобгарликка тортилиб қолмоқдалар.

Шўрчи тумани “Хайробод” маҳалласида яшовчи Салим Баҳодиров (исм-фамилияси ўзгартирилган) ҳаётда ҳали оқу-қорани танишга улгургани йўқ. Аниқроғи, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва уни тарғиб этувчи маърузаларни ўзининг телефон аппаратига юклаб олиб, мунтазам равишда эшитиб келган. Ҳуқуқни муфоза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Салимнинг ана шу қилмиши фош бўлди. У томонидан фойдаланиб келинаётган телефон аппарати кўздан кечирилганида, унинг хотирасида диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни сақлаб келаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича Қўмитасининг Диншунослик экспертиза хулосасига кўра, Салим Баҳодировнинг телефон аппаратида сақланиб келаётган нашидалар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар туркумига кириши қайд этилган.  

Куни кеча Шўрчи туманидаги “Маданият уйи”нинг мажлислар залида жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида 100 дан ортиқ фуқаролар иштирок этди. Сайёр суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 184-3-моддаси билан Баҳодиров Салимга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, суд томонидан у айбдор деб топилди.

Суд жазо тайинлаш чоғида ҳуқуқбузарликнинг хусусиятини, ҳуқуқбузарнинг шахси, айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, унга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Шунингдек, суд, ашёвий далил тариқасида олинган телефон аппаратини тегишли тартибда мусодара қилишни белгилашликни лозим деб топди.   

Муқим иш жойига эга бўлмаган, ҳаётининг энг мазмунли кунларини илм олишга ёки фойдали ишларга сарфлаш билан эмас, балки кўп вақтини ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва уни тарғиб этувчи маърузаларни юклаб олиб, мунтазам равишда эшитиш билан ўтказган. Салимнинг нотўғри ҳатти-ҳаракатлари уни темир панжаралар ортига равона қилди.

ШЕРАЛИ ҚОДИРОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди тергов судьяси

ҚАЙТАРМА ИЖРО БУ НИМА?

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг 458-моддасида қайтарма ижро тушунчаси таъриф берилган. Унга кўра, ижро этилган суд ҳужжати ўзгартирилган ёки бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқилганидан кейин талабларни қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган ёки иш юритишни тугатиш тўғрисида ёхуд аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилган тақдирда, ўзгартирилган ёки бекор қилинган суд ҳужжати бўйича жавобгардан даъвогарнинг фойдасига ундирилган нарсаларнинг барчаси жавобгарга қайтариб берилиши керак (ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси).

Агар ижро этилмаган суд ҳужжати бекор қилинган ёки ўзгартирилган бўлса ва даъвони тўлиқ ёхуд қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинган бўлса ёки ишни юритиш тугатилган ёки даъво кўрмасдан қолдирилган бўлса, суд суд ҳужжатининг бекор қилинган ёхуд ўзгартирилган тегишли қисми бўйича ундиришни тўлиқ ёки қисман тугатиш тўғрисидаги суд ҳужжатини қабул қилади.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала биринчи инстанция суди, апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси суди томонидан ҳал қилиниши тартиби қуйидагича.

Яъни, иш янгидан кўриш учун ўзига топширилган суд ўз ташаббуси билан қайтарма ижро тўғрисидаги масалани кўриши ва уни янги суд ҳужжатида ёки ажримида ҳал қилиши шарт бўлиб, шу билан иш юритиш тамомланади.

Ишни янгидан кўраётган суд бекор қилинган суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилмаган тақдирда, жавобгар бу судга қайтарма ижро тўғрисида ариза беришга ҳақли. Бу ариза ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда, суд мажлисида кўрилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаганлиги суд олдига қўйилган масаланинг ҳал этилиши учун тўсқинлик қилмайди.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза давлат божи тўланмаган ҳолда умумий даъво муддати ичида берилиши мумкин.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд томонидан кўрилади.

Аризага илгари қабул қилинган суд ҳужжатининг ижросини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, суд ундирилган пул маблағларини, мол-мулкни ёки унинг қийматини қайтариш учун ижро варақаси беради.

Апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси суди ҳуқуқ тўғрисидаги низони узил-кесил ҳал қилса ёки иш юритишни тамомласа, суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиши ёхуд уни ҳал қилиш учун биринчи инстанция судига топшириши шарт.

Агар юқори турувчи суднинг ажримида суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича ҳеч қандай кўрсатма бўлмаса, жавобгар биринчи инстанция судига тегишли ариза беришга ҳақли. Биринчи инстанция суди бу аризани ушбу Кодекснинг 459-моддаси қоидаларига биноан кўриб чиқади ва ҳал қилади.

Меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича пул суммаларини ундириш тўғрисидаги, интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун ҳақ ундириш ҳақидаги, алиментлар ундириш тўғрисидаги, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлик, шунингдек боқувчининг вафот этиши натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари бекор қилинган тақдирда, агар бекор қилинган суд ҳужжати даъвогар берган сохта маълумотларга ёхуд у тақдим этган қалбаки ҳужжатларга асосланган бўлса, суд ҳужжатининг қайтарма ижросига йўл қўйилади.

Таъкидлаш жоизки, иш янгидан кўриш учун ўзига топширилган суд ўз ташаббуси билан қайтарма ижро тўғрисидаги масалани кўриши ва уни янги суд ҳужжатида ёки ажримида ҳал қилиши шарт бўлиб, шу билан иш юритиш тамомланади. Шунингдек, апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси суди ҳуқуқ тўғрисидаги низони узил-кесил ҳал қилса ёки иш юритишни тамомласа, суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиши ёхуд уни ҳал қилиш учун биринчи инстанция судига топшириши шартдир.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

СУДЬЯЛАР ОДОБИ КОДЕКСИ

Судьялар касбининг нуфузи ва холислигини таъминлашда «Судьялар одоби кодекси» муҳим ҳужжат ҳисобланади. Мазкур кодекс судьяларнинг касбий одоб-ахлоқ қоидаларини белгилаб беради ҳамда уларнинг фаолиятида юзага келадиган ахлоқий масалаларни ҳал этишда йўл-йўриқ вазифасини ўтайди.

Ушбу Кодекс уч тилда – ўзбек (лотин ва кирилл алифбосида), рус ва инглиз тилларида чоп этилган бўлиб, унда судьянинг холислиги, мустақиллиги, қонун устуворлигини таъминлаши, шахсий ва касбий юксак одоб-ахлоқ талабларига риоя қилиши каби масалалар қамраб олинган.

Кодексга илова сифатида чоп этилган иккинчи китоб – «Судьялар одоби кодексига шарҳлар» – мазкур кодекс моддаларига аниқ ва муфассал изоҳлар келтирилган манба ҳисобланади. Унда амалиётда юзага келадиган воқеалар мисолида кодекс нормаларини тўғри талқин этиш бўйича тавсиялар берилган. Бу икки китоб судьялар учун фаолиятида доимий дастуриламал вазифасини ўташи лозим. Чунки, судья нафақат қонунга, балки жамиятдаги ахлоқий мезонларга ҳам амал қилган ҳолда иш юритиши зарур. Шу жиҳатдан, ушбу адабиётлар ҳар бир судьянинг иш столида бўлиши даркор.

РУҲИДДИН ПИРНАЗАРОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди судьяси

ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР

очерк

Эндигина 23 ёшни қаршилаган Нодир Хасанов (исм фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам ўғирлик жиноятини содир этиб судланганидан ўзига тегишли хулоса чиқармади. Нега? дейсизми, у сўнгги бор содир этган ўғирлик жинояти учун панжара ортида умрини ўтказган бўлса ҳам, буни оқибатини тушунмади.

Нодир ўзининг ўша касби ўғирлик қилиш мақсадида, 2023 йил 6 декабрь куни соат 0900ларда юмушлари билан Термиз шаҳрида жойлашган 11506-сонли ҳарбий қисмнинг орқа томонидан ўтиб кетаётиб, ҳарбий қисмга кириш эшигининг олдида турган Мухтор Номозовга тегишли бўлган “velomax” номли велосипедни олади-ю, атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, жуфтакни рослайди.

Тезкор-тергов қидирув ишлари олиб бориш жараёнида 23 ёшли қахрамонимиз Нодир Хасанов ушланиб, ҳибсга олинади.

Бу гал ҳам Нодир суд залида қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, ўзига енгиллик беришни сўради.

Суд эса, жабрланувчининг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, унининг қилмишига яраша жазо тайинлади.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг ҳукми билан юқорида содир этган жинояти ва аввалги жинояти учун ўталмай қолган жазосини ҳисобга олиб, узил-кесил ўташлик учун 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади ва жазони қаттиқ колонияларда ўташ белгилади.

Ҳаётда сўқир кўзи очилмайдиган, қилмишларидан тегишли хулоса чиқариб олишни хаёлига келтирмайдиган кимсалар ҳам учраб туради.

Хулоса шуки, жиноятга жазо муқаррар.

АБДУСАЛОМ МИРЗАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди раиси

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА СУД БУЙРУҒИ БЕРИШ ТАРТИБИДА ИШ ЮРИТИШ

Суд буйруғи аризачи томонидан берилган аризани судья томонидан суд муҳокамасисиз, кредитор ва қарздорни чақиртирмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан якка тартибда бериладиган суд ҳужжатидир.

Суд буйруғи ундирувчининг пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ёки кўчар мол-мулкни низосиз талаблар бўйича қарздордан талаб қилиб олиш ҳақидаги аризаси юзасидан судья томонидан суд муҳокамасига тайинланмасдан чиқариладиган ҳужжат.

Суд буйруғида эса умумий тартибдаги иш юритиш каби суд муҳокамасини ўтказиш учун уни ишда иштирок этувчи тараф вакилларини хабардор қилиш, уларнинг иштирокини таъминлаш, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаш, суд мажлиси баённомаси юритиш каби вазифаларни амалга ошириш талаб этилмайди.

Суд бўйруғи бериш асослари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 17-бобида қайд этилган.

Суд буйруғи беришнинг асосий элементларидан бири бўлиб ундаги тарафларнинг яъни кредитор ва қарздорнинг юзага келган қарздорликни ҳужжатлар асосида тан олинганлик фактининг мавжудлигидадир.

Суд буйруғи беришда кредитор томонидан биринчи навбатда қўйидаги ҳолатларга эътибор берилиши шарт бўлиб ҳисобланади. Яъни, Иқтисодий процессуал кодексининг 135-моддасида қайд этилганидек, суд буйруғи биринчидан, солиқ қарзини ундиришни юридик шахсларнинг ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, иккинчидан, коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган талаб билдирилган бўлса, учинчидан, ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, тўртинчидан, талаб тўланмаган, акцептланмаган ва акцептга сана қўйилмаган вексель нотариус томонидан протест қилинишига асосланган бўлса ва ниҳоят бешинчидан, ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса судья томонидан якка тартибда берилади.

Албатта суд буйруғи бериш ҳақидаги ариза билан  мурожаат қилишда кредитор Иқтисодий процессуал кодексининг 136-139-моддаларида қайд этилган талабларга қатъий тартибда рия қилган бўлиши лозим. Бунда кредитор, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмунига риоя қилиши, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда, судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилганлигига, суд буйруғи кредитор ёки унинг вакили (ваколатларини тасдиқловчи ишончнома асосида) томонидан имзоланганлигига эътибор қаратиши лозим бўлади.

Суд буйруғи бериш ҳақидаги аризада қуйидагилар ариза берилаётган суднинг номи, кредиторнинг, қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, кредиторнинг қонун ҳужжатларига асосланган талаби, талабга асос бўлган ҳолатлар ва уларни тасдиқловчи далиллар, ундириладиган сумманинг ҳисоб-китоби, ундирув қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган кўчар мол-мулкка қаратилган тақдирда эса, ундирилаётган кўчар мол-мулкнинг тавсифи ва тўланмаган тўловлар суммасининг ҳисоб-китоби, ундирилаётган қарздорлик вужудга келган давр, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилиши лозим. Шу билан бирга аризада кредиторнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши ҳам мумкин.

Кредитор суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганида қарздорга шу аризанинг кўчирма нусхасини топшириши шарт.

Шунингдек, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага давлат божи ҳамда почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга топширилганлигини, талабга асос бўлган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар билдирилганида суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага эса, истеъмолчи билан тузилган шартноманинг, қарздор тан олган қарз юзага келган давр кўрсатилган қарз ҳисоб-китобининг, пеня ҳисобланиши тўғрисидаги ва истеъмолчини тегишли коммуникация тармоқларидан узиш ҳақида огоҳлантириш кўрсатилган, қарзни узиш тўғрисидаги талабнинг, истеъмолчини тегишли коммуникация тармоқларидан узиш ҳақидаги ёхуд етказиб беришни технологик ёки авария захираси даражасигача чеклаш тўғрисидаги далолатноманинг кўчирма нусхалари илова қилинади.

Юқорида қайд этилган ҳолатларга эътибор қаратилгандан сўнг, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво билан умумий тартибда мурожаат қилинганда низолашилаётган суммадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланади.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда, ундирувчи тўлаган давлат божи ундирувчи томонидан қарздорга умумий тартибда даъво тақдим этилганда тўланиши лозим бўлган давлат божи ҳисобига ўтказилади.

Судья томонидан юқорида қайд этилган ҳолатлар инобатга олингандан сўнг, Иқтисодий процессуал кодексининг 143-моддасида қайд этилганидек, қарздор кредиторнинг талабларига қарши эътирозини суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси унга топширилган пайтдан эътиборан ўн кунлик муддатда судга тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.

Қарздорнинг эътирозни белгиланган муддатда тақдим этмаганлиги, шунингдек унинг билдирилган талабга розилиги суд буйруғини бериш учун асос бўлади.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага эътироз қарздор ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган эътирозга ишончнома илова қилинади.

Иқтисодий процессуал кодексининг 143-моддасида қайд этилган эътирознома ўн кун муддат ичида судга ёзма ёки электрон тарзда келиб тушмаса, судья томонидан суд буйруғи кредиторга (аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга топширилган кундан эътиборан) ўн кун ўтгач (суд буйруғининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси ёки электрон ҳужжат тарзида) берилади.

Суд буйруғи судья томонидан икки нусхада имзоланади, улардан бири ишнинг йиғма жилдида қолади, бошқаси суднинг гербли муҳри билан тасдиқланади ва кредиторга берилади. Қарздорга суд буйруғининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси юборилади.

Суд буйруғи электрон ҳужжат тарзида ҳам юборилиши мумкин.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар инобатга олинган ҳолда қарздор томонидан билдирилган талабга нисбатан эътироз билдирилмаган бўлса, судья томонидан бериладиган суд буйруғида  суднинг номи, жойлашган ери ва буйруқ берилган сана, ишнинг рақами, судьянинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари, талаб нима ҳақдалиги, кредиторнинг, қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, ундирилиши лозим бўлган пул суммаларининг миқдори ёки ундирув қаратилаётган, қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган кўчар мол-мулк, унинг тавсифи ва баҳоси,  ундирилаётган қарз ҳосил бўлган давр, неустойка, агар у тўланиши лозим бўлса ва қарздор томонидан тан олинган бўлса, ундирилиши лозим бўлган давлат божининг ва почта харажатларининг суммаси кўрсатилган бўлиши керак.

Суд буйруғи у берилганидан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач қонуний кучга киради.

Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга ва у суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда ижро этилиши лозим.

Ўз навбатида суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга эканлиги қайд этилар экан, судлар томонидан ушбу суд ҳужжатини қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда 2013 йил 5 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Суд буйруғи бериш тўғрисидаги ишларни кўришда иқтисодий судлар томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 254-сонли қарори талабларига қаътий риоя қилиниши лозим бўлади.

АБДУЛЛА САФАРОВ,

Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Skip to content