Мантия – судьялар ғурури рамзи
Баъзан суд мажлисларига кирганда ёки чиққанимда мени кўрган одамлар эгнимдаги судьялар махсус кийимига ҳайрат билан қараётганликларига гувоҳ бўламан. Қизиқишини енга олмаганлар ёнимга келиб, бу қандай кийим эканлиги, нима учун бу кийимни кийиб юрганлигимни сўрашади.
Дарҳақиқат, нима учун ҳозирги вақтда судьялар суд мажлисларини мантия кийиб ўтказишмоқда, мантия тарихи қандай, у қандай ҳолатларда кийилади?
Имкон қадар бу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Судьялар мантияси Ғарбий Европада Ўрта асрларда пайдо бўлиб, ўша даврлардан бизга қадар ўзгаришсиз қолган махсус кийимлардан бири ҳисобланади.
Ғарбий Европа мамлакатларидан Англияда ушбу анъана 1635 йилдан бошланган. Унга кўра, қишда судья оқ жўн билан қора кўйлак, ёзда бинафша ранг ва тўқ қизил ранг кийиши керак бўлган. Мантиялар қарийб 1694 йилгача, узоқ йиллар давомида давлатни бошқарган қиролича Мария II нинг вафоти муносабати билан аза тариқасида буткул қора уст-бошга ўтгунига қадар, турли хил рангда бўлган.
Айнан, Англия судьялари ҳозирги вақтга қадар судья уст-бошини кийиш қоидаларини ўзгартирмасдан анъаналарга содиқ қолиб келмоқда. Англияда бугунги кунгача судьялар уст-бошининг ажралмас қисми сифатида париклар сақланиб қолган. Яқин йилларгача парикларни мамлакатнинг барча судьялари таққан. 2008 йилдан бошлаб эса, уларни фақат жиноят ишларини кўрувчи судьялар тақишга мажбур. Фуқаролик ва маъмурий суд иш юритувларини эса, фуқароларни асоссиз қўрқувга солмаслик ва қонун хизматкорларининг улуғворлиги билан ваҳимага солмаслик учун париксиз олиб боришга рухсат этилган экан.
Германияда судьялар нуфузига қараб – қора ва қизил мантиялар кийишади. Қўйи инстанциялар қора уст-бошга эга бўлиб, ажратувчи белгиси бахмал канти ҳам ҳам қора. Судьяларнинг нуфузи қанчалик юқори бўлса – унинг уст-бошида қизил ранг кўпроқ, кантдан бошлаб тугал уст-бошгача. Федерал Конституцион суд судьялари жабони эслатувчи оқ шарфли очиқ-қизил мантия кийишади. Фавқулодда тантанали вазиятларда уст-бошга унча баланд бўлмаган цилиндр шаклдаги қизил шапка қўшилади.
Италиялик судьялар фавқулодда тантанали вазиятларда кундаликли қора мантияларини оқ ёқали тантанали қизилига алмаштиришади. Безаклардан тилло ёки кумуш аксельбантларни фойдаланишади.
Францияда яқин кунларгача судьялар шапкача-ермолкалар кийишган бўлса, ҳозирда қўшимчалардан фақат чап елкадан ташланган оқ шарф қолди. Уларда ҳам иерархиясига қараб қора ёки қизил рангли мантия кийилади.
Испанияда ҳаммаси қатъий: қонун хизматкорларининг қора мантиялари кўкракка тақилган давлат герби билан тўлдирилган, ажратувчи белгилардан юқори суд инстанцияларида занжирли медальон бор холос.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди аъзолари очиқ-кўк ипакдан ишлов берилган, елкасида Европа иттифоқи нишони билан безалган ёрқин мантия кийишади. Кўринишни оқ тантанали шарф якунлаб туради.
АҚШ Олий суд судьялар тўпиқларигача ёпиб турувчи кенг енгли, тепасидан йиғилган, ва ундан фақатгина ёқаликлари кўриниб турувчи V-шаклли мўйинтириқли қора мантия кийишади. Эркакларда бўйинбоғ, аёлларда эса чулки бўлиши шарт. Қўшимча равишда классик пойабзал кийилади. Қўйироқ судларда судьялар костюмларида қора ва қизил, қизил ва оқ рангларнинг уйғунлигини учратиш мумкин.
Ўзбекистон судьяларининг ҳам махсус кийими борми?
2019 йил октябрь ойига қадар Ўзбекистон судьяларининг махсус кийими мавжуд эмас эди.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, Ўзбекистон судьялари ҳам профессионал вазифаларини махсус кийимларда амалга ошириш имконияти пайдо бўлди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимой ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига судьяларнинг махсус кийими тавсифи ва намуналарини ишлаб чиқиш топширилган эди.
Чунки, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 95-моддасида судья одил судловни махсус кийимда амалга ошириши, кийим тавсифи ва намуналари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тасдиқланиши белгиланган.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 12 октябрдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси судьяларининг махсус кийими ва намунаси тасдиқланган.
Бизнинг сенаторлар икки хил рангдаги мантияларни тасдиқлашди – тўқ олча рангли мантия Конституциявий суд судьялари учун ва тўқ-кўк ранг – бошқа суд судьялари учун. Шунингдек, жамланмага ипак боғич ва манишка киради.
Ўзбекистон судьялари учун судья мантиялар шакли АҚШ, Германия, Франция, Буюк британия ва Россия каби давлатларнинг мантияларни ҳаётга татбиқ қилиш тажрибалари асосида ишлаб чиқилган.
Судьянинг махсус кийими давлат рамзларидан бири бўлиб, суд процесси иштирокчиларига судьянинг алоҳида мақомини эслатиб туради.
Судьянинг махсус кийими-мантия, кўкракпўшт-манишка, ипак бўйинбоғ-пластрон ҳамда нишондан иборат. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари учун мўлжалланган мантия тўқ олча рангда, умумий юрисдикция судлари судьялари учун мўлжалланган мантия эса, тўқ кўк рангда матодан тайёрланади.
Мантиянинг умумий узунлиги бўй ўлчамига қараб мосланади. Ердан 25-30 см юқорида туради. Мантиянинг елка қисми судьяга алоҳида қатъият ва кўркамлик бағишлайдиган махсус елкапўшт-пелерина билан қопланган.
Мантиянинг енгидаги манжет маркази оқ рангли ипак билан тўқилган кашта билан қопланган. Ушбу каштанинг вертикал ва горизонтал симметрияли мураккаб геометрик нақшини яратишда юртимизда нақш мактабларининг энг илғор анъаналари жамлаб олинган ва ягона нақш намунаси шакллантирилган.
Мантия билан бирга кийиладиган кўкракпўшт-манишка эса, икки қаватли оқ рангли матодан тайёрланган бўлиб, судьялар махсус кийимининг асосий қисмларидан ҳисобланади.
Махсус кийимнинг асосий қисмларидан яна бири мантия рангига мос бўлган ипак бўйинбоғ-пластрон ҳисобланади. Бу ипак бўйинбоғ судьяга расмийлик ва салобат бағишлаб туради.
Юқорида қайд этилганлардан ташқари судьянинг махсус кийими таркибида ипак бўйинбоғ – пластронга тақиладиган махсус нишон ҳам бор. Нишон-Ўзбекистон Республикаси гербида тасвирланган саккиз қиррали миллий нақшлар билан бойитилган доирадан иборат. Бу судьяга янада мукамаллик бағишлайди.
Судьялар махсус кийими, жумладан, мантия таркибининг етмиш фоизини жун ташкил этадиган асл матодан тайёрланиб, бунда фасллар эътиборга олинган.
Судьялик мантиясининг фойдаланиш муддати 5 йилдан иборат.
Эркак ва аёлларнинг мантияси тикилиш жиҳатдан бир хил, фақат умумэътироф этилган қоидага кўра, эркакларнинг мантияси чапдан ўнга, аёлларники эса, ўнгдан чапга тақилади.
Судьяларнинг махсус кийими судья ўзининг профессионал вазифасини бажариш жараёнида, яъни суд мажлислари, Пленум мажлисларида кийилади.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасида барча судьялар бир хил мақомга эга. Суд раислари, раис ўринбосарлари айни вақтда судьялардир. Шу сабабли лавозимидан қаътий назар барча судьялар бир хил кийимда профессионал вазифаларини бажаришади. Оддий қилиб айтганда, Олий суднинг раиси ҳам, туман суди раиси ҳам бир хил мақомга эга – кийими ҳам бир хил. Махсус кийим фақатгина суд мажлисларида кийилади. Сайёр судларда ҳам, апелляция, кассация, ҳатто Пленум мажлисларида ҳам мантиядан фойдаланилади. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонимиз судьялари махсум кийими ҳар жиҳатдан мукаммал, кўркам ва ўзига хос бўлиб, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонуни талабларини амалга татбиқ этишга, одил судловни амалга ошириш борасида умумэътироф этилган халқаро тамойилларни қонунчилигимизга жорий қилишга, халқимизнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Отабек Каримов
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси