КРЕДИТОРЛАРНИНГ ГАРОВ БИЛАН ТАЪМИНЛАНГАН ТАЛАБЛАРИНИ ҚАНОАТЛАНТИРИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

Сўнгги йилларда республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Мазкур ислоҳотлар жамиятда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, мулк даҳлсизлигини ишончли ҳимояллаш, бозор муносабатларида мулкий ҳуқуқларни вужудга келиши, бекор бўлиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади.
Кейинги йилларда мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида берилган мол-мулкка нисбатан кредиторлар ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш, гаровга қўйилган мол-мулкни аукцион орқали сотиш жараёнларини соддалаштириш, шунингдек гаров билан таъминланган мажбуриятларни суддан ташқари тартибда ундириш амалиётини такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилиб, ҳуқуқий ислоҳотлар давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга амалиётда кредит (ипотека) шартномаси бўйича мажбуриятларни қарздор томонидан ўз вақтида ва (ёки) лозим даражада бажарилишини, кредиторнинг гаров билан таъминланган талаблари қондирилишини, суд тартибида ва суддан ташқари тартибда ундирувни гаров нарсасига қаратишни, гаровга олувчининг гаров нарсасига бўлган ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги яққол сезилмоқда.
Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан ЎРҚ-1060-сонли Қонуни орқали Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига, «Гаров тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу Қонун кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштиришга, мажбуриятларни гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштиришга ва кредит ташкилотларининг кредит портфелидаги муаммоли активлар улушини камайтиришга хизмат қилиш билан бирга, кредит ташкилотлари томонидан кредит олувчи ва гаровга қўйувчиларга нисбатан асоссиз даъволарни судларга киритилишини ҳам тартибгга солади.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган «Гаров тўғрисида»ги 736-ХII-сонли Қонунига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, Жумладан:
1) 19-модданинг олтинчи қисмидаги «26-моддасининг тўртинчи қисми» деган сўзлар «26-моддасининг бешинчи қисми» деган сўзлар билан алмаштирилди, яъни
2) 26-модда:
қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлган тақдирда, жуда арзимас деб ҳисобланади:
1) агар гаров билан таъминланган, қарздор томонидан қопланмаган мажбуриятнинг суммаси гаров қийматининг ўн беш фоизидан камроқни ташкил қилса;
2) агар гаров билан таъминланган мажбурият бажарилишининг кечикиши кетма-кет уч ойдан ошмаган бўлса»;
тўртинчи ва бешинчи қисмлари тегишинча бешинчи ва олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
3) 27-модда тўртинчи қисмининг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1) қонунда бошқа шахснинг ёки органнинг гаров тўғрисида шартнома тузиш учун розилиги ёхуд рухсати ҳақидаги талаб белгиланган бўлса, бундан мазкур мол-мулкни гаровга бериш чоғида зарур бўлган розилик ёки рухсат олинган ҳоллар мустасно»;
4) 28-модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Агар мол-мулк бир нечта кредитор олдидаги мажбуриятларнинг бажарилишини таъминласа, гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган пул маблағлари мазкур мажбуриятларни қонунда белгиланган навбат бўйича бажаришга йўналтирилади.
Гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулк кимошди савдосида сотиш, бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш йўли билан ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин.
Гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархи гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасидаги келишувга асосан белгиланади. Гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасида мол-мулк нархи бўйича келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, мустақил баҳоловчи ташкилот жалб этилади ва гаровнинг дастлабки қиймати бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда баҳолаш билан боғлиқ барча харажатлар мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилган тараф томонидан қопланади».
Мазкур қонун 2025 йилнинг 22 апрель кунидан эътиборан кучга кирган бўлиб, унинг суд ишларини юритишда қўлланилиши, қарздор томонидан мажбуриятни бузилиши жуда арзимас бўлган ҳолларда, ундирувни гаров мулкига эмас, балки муддати ўтган қарздорликни ундиришга қаратиш лозимлигини назарда тутади. Бунинг оқибатида кредиторлар томонидан асосли даъво киритилишига ва қарздорга муддати ўтган қарздорликни бартараф этишга имконият яратади.
ДИЛМУРОД БЎРИЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси