Cуд ишларида “Рақамли суд” концепцияси

Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, рақамлаштириш ишларини изчил давом эттириш, судларнинг моддий – техник таъминотини яхшилаш, шунингдек, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Президентимиз томонидан имзоланган ПФ-140-сонли Фармон суд соҳасидаги ислоҳотларни давоми сифатида ҳам фуқаролар учун, ҳам суд ходимлари учун жуда аҳамият касб этади.

Жумладан, мазкур Фармон билан, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этилади, суд ишларини рақамлаштириш жараёнлари жадаллаштирилади, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратилади.

Бундай қулайликлар яратиш учун қуйидагилар кўзда тутилмоқда, биринчидан, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилиши босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказилади;

Иккинчидан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш йўлга қўйилади;

Учинчидан, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича чоралар кўрилади ва амалиётга тадбиқ этилади;

Тўртинчидан, Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модули ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади;

Бешинчидан, судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш йўлга қўйилади;

Олтинчидан, иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш йўлга қўўйилади;

Еттинчидан, “Рақамли суд” концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш чоралари кўрилади.

Бунинг натижасида, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратилиб, суд ишларини кўриш соддалаштирилади ва “Рақамли суд” концепциясини амалга ошириш доирасида:

-судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантириш имконияти пайдо бўлади;

-мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади;

-ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади;

-тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади;

-суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади;

-суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилади;

-сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади;

-суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.

Шу каби, 2025 йил якунига қадар, тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида “Рақамли суд” концепцияси асосида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган суд мажлиси заллари ташкил этилади.

Тажриба натижалари асосида “Рақамли суд” концепциясини 2026-2027 йилларда босқичма-босқич республиканинг барча судларида татбиқ этилади.

Ушбу фармон ижросини таъминлаш доирасида:

Қуйидагиларни назарда тутувчи 2025 – 2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури амалга оширилади. Жумладан:

-2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади;

– 2025 йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастури яратилади;

– 2026 йил 1 январдан бошлаб “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратилади ва ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш йўлга қўйилади;

– 2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имконияти яратилади;

– 2026 йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйилади, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версияси ишлаб чиқилади.

Юқоридаги кутилаётган янгиликлардан кўринадики, яқин келажакда судлов фаолияти билан кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилади. Бунинг натижасида, фуқароларнинг, тадбиркорларларнинг биринчи навбатда вақти тежалади ортиқча ва натижасиз харажатларнинг олди олинади, шунингдек судларда фақат низоли ишларнинг кўрилиши натижасида иш ҳажми кескин камаяди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур Фармон суд соҳасида узоқ вақтлардан буён ўз ечимини топмасдан ётган кўплаб муаммоларни бартараф қилишга хизмат қилади.

ДИЛМУРОД БЎРИЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси