ҚИЛМИШИДАН ХУЛОСА ЧИҚАРМАГАН ОТАХОН

очерк
Музработлик Хақберди Мардаев (исм-фамилия ўзгартирилган) ёши 63 ёшда, 4 фарзандни отаси, нафақахўр бўлишига қарамасдан, яшаш уйининг томортқасида ўзига хос ҳидли, каннабис (наша) гиёҳвандлик воситасини парваришлаб келаётганлиги сабабли суд томонидан озодлиги чекланган эди. Аммо у тегишли жазо муддатини ўтаган бўлсада, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади.
“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, отахон яна ўзи истеъмол қилиш мақсадида 2025 йилнинг апрель ойида Музработ туманидаги яшаш хонадонининг томорқасида гуллар орасида таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган жами 2 (икки) дона наша уруғини экиб, уларга ишлов бериди. Буни пайқаган ички ишлар органи ходимлари 2025 йил 9 май куни ўтказилган тадбир вақтида аниқлайди ва отахондан гиёҳванд ўсимлигини ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинади.
Бу гал ҳам нафақахўр Хақберди ота яна суд залида боши эгилган ҳолда ўтирар. Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида отахон Жиноят кодекси 270-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан айбдор деб топилди ва унга яшаш уйидан чиқишини чеклаган ҳолда 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Хақберди отанинг қилмишидан пушаймонлиги, соғлиғи, нафақахўр эканлиги инобатга олиниб, жазо тайинланди. Аммо отахон бу ёшда невараларини суядиган вақтида жиноят содир этиб, эл-юрт олдида юзи шувут бўлди. Зора, бу шахс жиноятга жазо муқаррарлигини энди тушуниб етса.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси






