КИТОБ – МАЪНАВИЯТ КЎЗГУСИ

Дарҳақиқат, юртимизда китоб ўқиш маданиятини кенг оммалаштириш, янги нашрларни йўлга қўйиш ҳамда аҳоли орасида китобга қизиқишни кучайтириш, кутубхоналар ва таълим даргоҳларини касбий ҳамда соҳавий адабиётлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январь кунида “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-9-сонли Қарори қабул қилинди.
Мазкур Қарорга кўра, 2026-2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси (бир одам ўқийдиган китоб сони)ни йилига ўртача 10 та китобга етказиш асосий мақсад этиб белгиланган.
Шунингдек, Қарорнинг 7-бандига асосан 2026 йил 1 февраль кунидан бошлаб, давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олиниши, транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларида (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобиль интернет тармоғи орқали «Mutolaa» платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилиши, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилиши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, мазкур Қарорга мувофиқ барча вазирлик ва идораларда 2026 йил 1 апрелга қадар ўзида ва тизимидаги ташкилотларда «Китоб бурчаги» ташкил этилиши, ходимлар учун ҳар ойда «Китоб ўқиш соати» йўлга қўйилиши, китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилиши, танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилиши белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу қарорнинг қабул қилинишидан асосий мақсад аҳолининг китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш ҳисобланади.
МАНСУР АБДУРАХМОНОВ,
Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси






